Истанбулдан Тошкентга учган самолёт 1 соатлик парвоздан сўнг орқага қайтиб кетди

28-июль куни HY272 рейсини бажараётган, борт рақами UK67003 бўлган ҳаво кемаси Истанбулдан ҳавога кўтарилганидан тахминан 1 соат ўтиб, 350-эшелон баландлигида салон ва кабина босими беқарорлиги юзасидан сигнализация тизими фаоллашди.
Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳаво кемаси командири жўнаш аэропортига қайтиш бўйича қарор қабул қилди. Натижада, самолёт маҳаллий вақт билан соат 15:50 да Истанбул аэропортига муваффақиятли қўнди.
Авиакампаниянинг техник хизматлари самолётни Тошкентдаги техник база заҳирасига қайтариш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
HY272 рейси йўловчилари махсус ажратилган заҳира ҳаво кемаси орқали Тошкент шаҳрига етказилади. Кутиш давомида йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилади, жумладан, меҳмонхоналарга жойлаштирилади.
Чиқарув рейси HY8272 қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:
Истанбулдан учиш: 2025 йил 29-июль, соат 07:30
Тошкентга етиб келиш: 2025 йил 29-июль, соат 13:35.