Ҳиндистонда дунёдаги энг ноёб қон гуруҳи аниқланди

Ҳиндистонда дунёдаги энг ноёб қон гуруҳи аниқланди

Ҳиндистон жанубида жойлашган Карнатака штатидаги тиббий тадқиқотчилар дунёда илгари учрамаган, ноёб қон гуруҳи антигенини аниқладилар. Бу ҳақда The New Indian Express нашри хабар берди.

 

Кашфиёт Колар туманида яшовчи 38 ёшли беморнинг юрак операциясига тайёргарлик жараёнида маълум бўлди. Таҳлилларга кўра, беморнинг қон гуруҳи O (Rh+) бўлишига қарамай, мавжуд заҳирадаги O-мусбат қон бирор мос трансфузион вариантига эга эмас эди.

 

 

 

“Илғор серологик текширувлар асосида беморнинг қони пан-реактив эканлиги, яъни барча синов намунасига жавоб бермаслиги аниқланди,” — деди жарроҳ Анкит Матҳур. Шундан сўнг, беморнинг 20 нафар яқин қариндошидан олинган намуна ҳам мос келмади. Операция эса қон қуйилмасдан муваффақиятли амалга оширилди.

 

 

 

Намуна таҳлиллари Буюк Британиядаги Халқаро Қон Гуруҳи Референс Лабораторияси (IBGRL) ҳамда Бангалордаги маҳаллий қон марказига юборилди. Ўн ойлик чуқур тадқиқотлар натижасида янги антиген мавжудлиги тасдиқланди ва у расман CRIB деб номланди.

 

 

 

2025 йил июн ойида Милан шаҳрида ўтказилган Халқаро қон қуйиш жамияти (ISBT) 35-минтақавий конгрессида ушбу кашфиёт расман тақдим этилди.

 

 

 

Бундан ташқари, Бангалор Қон Маркази Ҳиндистон Тиббий Тадқиқотлар Кенгаши билан ҳамкорликда нойоб қон гуруҳларига эга ихтиёрий донорлар реестрини тузмоқда. Келажакда CRIB гуруҳига эга бўлган донорларни ҳам ушбу тизимга киритиш режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, бу каби ҳолатлар Ҳиндистонда айрим минтақаларда мавжуд бўлган яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар туфайли юзага келган бўлиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: