Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (4-қисм)

Уни кутиб туришган экан. Бориши билан ҳамшира қиз бош врачнинг хонасига бошлади. Йўл-йўлакай:

— Сизни кеча келади, дегандилар, — деди.

Файзулла чол унга жавоб қайтармади.

Бош врач эса уни кўриши билан ўрнидан турди. Тиржайди. Сўнг қучоқ очиб келди.

— Ҳамма шубҳа-гумонларингиз бекор, отахон! — деди ва Файзулла чолни маҳкам бағрига босди.

— Бу нима деганинг? — деб сўради чол.

— Бу деганим — бола ўзингизники экан. Юз фоиз. Сиз бекордан-бекорга момодан шубҳаланган экансиз.

Шундай деганидан кейингина у Файзулла бобони бағридан бўшатди.

— Аттанг! — деди Файзулла чол бошини сарак-сарак қилиб. — Миям айниб қолганга ўхшайди. Лекин, болам, менга айт-чи, нега шундай бола туғилди?

— Буниси Худонинг иши. У бола қандай кўринишда дунёга келади, деса, худди шундай чақалоқ туғилади. Ё менинг гапларимга қаршимисиз? — деб чолга тикилди бош врач.

— Астағфирулло, ҳеч қачон!

— Балки, илгари ота-боболарингизнинг бирортаси шундай бўлгандир. Ёки момомнинг уруғида бўлгандир. Ҳар қалай, бундай нарсалар уруғдан уруғга ҳам ўтади.

— Мен отамни, отамнинг отасини биламан. Лекин уларнинг ҳеч бири, ҳатто отамнинг ака-укалари ҳам: «Бизнинг уруғда шундай одам ўтган», демаган. Ундан кейин қишлоқнинг кексаларидан ҳам бундай гапларни эшитмаганман. Момонг… Билмадим. Хўш, энди мен нима қиламан? — деб сўради Файзулла бобо.

— Нима қилардингиз? Бола соғлом. Ҳеч бир камчилиги йўқ. Ўзи кейинги пайтларда туғилиш кўп бўлганлиги учун уч кунда жавоб бериб юбораётгандик. Аммо сизники алоҳида, ҳалигидақа гаплар бўлгани учун ушлаб турдик.

— Дўхтир болам, момонгнинг ўзи нима деяпти?

— Эй-й, момони Худо сизга қайтиб берди. Жанжалингизни эшитганидан кейин қон босими ошиб, ўзини билмай қолди. Сиз йўқсиз, бошқа қариндошларингиз, болаларингиз ҳам йўқ эди. Биз роса югур-югур қилдик. Ҳамма харажатни ўзимиз кўтардик. Аксига олиб, текширувчилар ҳам келди. Улар ҳам ҳайратга тушишди. Қойил қолишди. Момонинг соғлиғи ҳозир жуда яхши. Лекин битта илтимос, шу тўқсонбойнинг умуман кераги бўлмаса керак. Мумкин, фақатгина яна биттага уйлансангиз, — дея кулди бош врач.

— Йў-ўқ, етади. Ўзи шунинг ўзи қолган умримга етиб ортади. Биласанми, мен ўттиз беш йилдан бери ичкилик деган нарсани оғзимга олмасдим. Ичкилик бор жойда ўтирмасдим. Мен бор жойга ичкилик келтирилмасди. Лекин шу шайтоннинг гапига кириб, ичиб қўйибман. Энди Эгамга нима дейман? — деди бобо бошини эгиб.

— Сиз хафа бўлманг. Атайлаб ичмагансиз-ку. Зўриққандан. Лекин унинг фойдаси ҳам теккан.

— Эй, фойдаси тегмай ҳар бало бўлсин! Ҳаром, барибир, ҳаром-да! Ўлиб қолганимда нима бўларди? Ҳалиям Худо бир асради. Лекин хавфдаман. Қирқ кун… Қирқ кун ўлмай чидаб беришим керак. Агар шу қирқ кун ичида ўлиб қолсам борми?..

— Эй-й, ота, ҳали сиз яна юз йил яшайсиз. Бу ёғи саксонбойни катта қилишингиз, уйлантиришингиз керак. Ана ундан кейин бемалол ўламан десангиз, ярашади. Ҳозирча ўлим деган нарсани эсингиздан чиқаринг.

— Менга қара, яхши, ақлли одам экансан. Момонгга ўзинг энди ётиғи билан тушунтир. Энди жаҳл чиққанда ақл кетади. Ўзи, аслида, илгариям бир-икки марта сўкканларим бор. Аммо буниси… Қариган чоғида сўкиш эшитиш одамга оғир ботади-да… Ўзи охирги пайтларда ҳамма ҳокимлик унга ўтиб кетганди. Буям ҳар бир эркакнинг пешонасига ёзилган экан. Ёшликда ғўдайиб-кеккайиб юрасан. Болалар катта бўлавергандан кейин аста-секин даминг чиқа бошлайди. Охири бориб, кампирнинг катта ўғлига айланиб қоласан. Хуллас, гап бундай: мен ҳозир уйга кетаман. Агар нимадир керак бўлса, болаларни жўнатаман. Кампир билан боласини бериб юборасан.

— Сиз шунчаки уйга бориб олманг. Данғир-дунғур, карнай-сурнай қилиб…

— Эй-й, қўйсанг-чи! Бўпти, мен кетдим.

Файзулла бобо кўнгли кўтарилиб, хурсанд бўлиб туғуруқхона ҳовлисига чиқди ва бирдан қизларига кўзи тушди.

Фотима, Зуҳра, Гулчирой, уларнинг ёнида эса Ҳусан билан Нормурод ҳам турарди. Улар, мана, уч кундирки, эртадан кечгача шу ерда. Ҳаммаси Арслондан хавотирда. Келиб бир балони бошлаб қўймасин, деган ҳадикда… Улар оталари келганини кўришганди. Зоир олдиндан хабар бериб қўйганди. Секин яшириниб туришди. Ота ичкарига кириб кетди… Аммо ҳозир кутилмаганда падарлари чиқиб қолишини кутишмаганди. Шу боис қочишга улгуришмади.

— Яхши келибсизлар, — деди чол нима қиларини билмай турган болаларига, — бошим қотиб турганди. Энди гап бундай: оқмисан, қорамисан, чиройли ё хунукмисан, ҳамманг менинг боламсан. Майли-да, ўн бешинчиларинг шундай бўлиб туғилиб қолди. Бунинг учун ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Анави куни мен қизиқ устида энангнинг номига аччиқ гапларни гапириб қўйдим. Шундай ҳам бўлиб тураркан-да. Ҳозир мен дўхтир билан гаплашдим. Энанг ҳам, бола ҳам соғлом экан. Сизлар уларни олиб, уйга боринглар. Мен уйда кутиб тураман, хўпми? Ҳалигидай, майда-чуйда гапларни суриб ташланглар. Хафа бўлган бўлса, менинг номимдан энангдан кечирим сўраб қўйинглар. Зоир ҳам сизлар билан бирга боради. Айтаман, менга такси чақириб беради, шу таксида кетавераман.

Бўлди, чолнинг мана шу гаплари билан орадаги ҳамма дилхираликлар кўтарилиб кетди. Унинг гапларини эшитган болаларининг ҳаммаси енгил тортишди.

Бироқ…

Бироқ Иброҳим исмини олган укаларининг юзига қарашга ҳеч бирининг юраги дов бермади. Биргина Фотима қаради. Юраги орқага тортиб кетди. «Бунча хунук!» деган ўй кечди хаёлидан. Аммо хаёлидагини онасига айтмади. Она ўзи хафа эди. Ўзиям болаларини кўрганидан кейин обдан йиғлаб олди. «Кексайган ёшимда менга шу керакмиди?» деди. Кейин бир муддат чолининг гўрига ғишт қалади.

Иброҳим мана шундай саргузаштлар билан яшашни бошлади. Ҳали туғилиб, бир ҳафта кун кўрмай туриб, керак бўлса, ўзига душманлар ҳам орттириб олди. Душманларки, бегона эмас, ҳаммаси ўзиникилар.

Одатда, чақалоқ хонадонга келса, гуллар, шарлар билан кутиб олинарди. Бироқ уни ундай қилиб ҳеч ким кутиб олмади. Ҳатто отаси ҳам уйидан чиқмади. Иброҳимнинг жиянлари келишди чуғурлашиб. Бир-иккиси болалигига бориб, Иброҳимнинг юзини очиб кўришди.

— Фу-у, бунча маймунча! — деди улардан бири.

Унинг шу гапи ўша сониядаёқ Иброҳимнинг пешонасига лақаб бўлиб ёпишди: «Маймунча».

Иброҳимни онасидан бошқа ҳамма ёмон кўриб қолди. Ота эса қандайдир… Энди унга фарқи йўқдай эди. Унинг хаёлидан қилиб қўйган гуноҳ иши кетмасди. Шу боис саждадан бошини кўтармасди… Ҳа, айтганча, у амал-тақал қилиб кампири билан гаплашиб олди. Аммо-лекин боласига бир марта бўлсин қараб қўймади. «Хаёлимга муҳрланиб қолади. Кейин эсимдан чиқаролмай қийналиб юраман», деди. Бўлмаса, Иброҳим уйига борганидан кейин уч кун ўтиб, ақиқа сифатида иккита қўй сўйди. Қишлоқдошларини чақириб, уларга ош дамлаб берди. Тенгқурлари унга ҳазил қилишди: «Сен бало экансан, сенинг кучинг кўп экан. Шу ёшингдаям бола қилиб ташладинг-а!» дейишди улар Файзулла чолнинг қулоғига шивирлашиб. Буни қарангки, одамнинг ёши бир жойга бориб қолганидан кейин унча-мунча ортиқча гапларни тилларига олавермас экан…

Иброҳим тез улғая бошлади. У ёшига етмай юриб кетди… Аммо юришдан олдин эмакламади. У ўтирган жойида иккита қўлига суяниб жойдан-жойга ўтар, эмаклаётганлардан ўзиб кетар эди… Лекин юришни бошлаганидан кейин роса маймунга ўхшаб қолди. Буни кўрганлар (онанинг ва шу уйда яшайдиганларнинг кўзлари ўрганиб қолган эди) бирдан ёқаларини ушлашди: «Вой, тавба! Ҳақиқатан ҳам маймунча деганларича бор экан», дейишди. Иброҳимнинг қўллари узун, тиззасидан пастроққа тушади. Ияги ҳам узун. Сочлари пешонасидан ҳам чиққандай. Ундан кейин кулиши ҳам маймунларникига ўхшайди. Ва яна ажабланарлиси, у ўзининг исмини «Маймунча» деб ўйлар эди. Чунки онасидан бошқа ҳеч ким ҳақиқий исми билан чақирмасди-да.

Булардан ташқари, у анча қўрқоқ ҳам эди. Акалари, опалари, ўзидан катта жиянлари онасига кўрсатмай ўйиб-ўйиб олишарди. Шу заҳоти Иброҳимнинг кўзидан ёш тирқираб оқарди. Бироқ у овозини чиқариб йиғлаёлмасди. Ўйиб олган одам кўзини олайтириб кўрсаткич бармоғини лабининг устига қўяр, «тисс», дерди. Шу билан Иброҳимнинг уни ўчарди. У ҳеч кимга, албатта, онасидан бошқага эркалик қилмасди. Ҳатто кулмасди ҳам. Чунки кулишга ҳам қўрқарди-да…

Мана шундай қилиб улғая бошлади. У икки ёшга кирганида тўрт ёшли жиянларидан бўйи узун эди, улардан яхшироқ гапирарди. Ва кўрган нарсасини ипидан игнасигача эслаб қоларди. Бундан ташқари, тўрт ёшли жиянларига дарахтлардан меваларни олиб берарди. Шу қилиғи билан яна ўзининг маймун эканлигини эслатиб юборарди… Ҳамма унинг устидан қотиб-қотиб куларди. Уларга қўшилиб ўзи ҳам куларди. Маймунча, дейишса, «лаббай», дея жавоб берарди.

Кундан-кунга кучдан қолаётган, соғ кунидан касал куни кўп бўлган онаси: «Биров сени маймун, деса, ҳатто башарасига ҳам қараб қўйма», деб қанча тайинламасин, у, барибир, «лаббай», деб жавоб бераверарди. Сабаби, жиянларининг у билан ўйнамай қўйишларидан қўрқарди.

Тўрт ёшга кирганида, Иброҳим онасидан айрилди. У доим онаси билан ётарди. Онаси касал эди. Тўшакка михланиб қолганди. Опалари, янгалари Иброҳимни қувиб солишарди. Аммо онаси қўймасди. «Индаманглар, у менинг ёнимда бўлса, хотиржам бўламан», дерди. Бир куни ҳаммадан олдин уйғониб онасига қараса, у оғзини очиб ухлаётган экан.

— Энажон, оғзингиз очилиб қолибди, пашша кириб кетади, — деб Иброҳим онасининг оғзини ёпиб қўймоқчи бўлди. Аммо оғиз ёпилмади.

— Нега оғзингизни ёпмаяпсиз, эна? Ёмон қўрқинчли бўларкан. Ёпиб қўйинг. Эна, эна… — дея оҳиста у онасини турткилаб кўрди.

Лекин она кўзини очмади. У аллақачон мангу уйқуга кетганди. Бироқ буни Иброҳим қаердан ҳам билсин?

Унинг ташқарига чиққиси, енгиллашиб олгиси келиб қолди ва ўрнидан туриб, энди эшикни очган эди ҳамки, Фотима опасига дуч келди.

— Маймунча, бунча эрта турдинг? — деб сўради опаси.

Иброҳим жавоб бермади. Бунинг ўрнига бурнини тортиб қўйди-да, опасининг ёнидан ўтиб, оёқчасига калишчасини кийди.

У ҳали бўшанишга улгурмаган эди.

— Эна-а-а-а!!! — дея бор овозда бақириб юборди Фотима опаси.

Иброҳим чўчиб тушди ва шоша-пиша ишини битириб, ортига қараб югурди. Фотима эса бақиришдан тўхтамас эди. Унинг овозини энг аввал Файзулла чол эшитди. У энди намозини ўқиб бўлиб, тасбеҳ ўгираётган эди. Ичидан зил кетди. Кўзини чирт юмиб очди.

— Эй-й, Худо, ўлиб қолган бўлса, ўзинг раҳматингга ол, — дея пичирлади ва секин ўрнидан турди.

Бу пайтда бошқа уйлардаги фарзандлар, келинлар ташқарига отилиб чиқишган, ҳамма энанинг танаси ётган хонага югурган эди. Бироқ энг биринчи Иброҳим кирди. Шунда Фотима унинг исмини айтди.

— Иброҳим! Энам ўлиб қолибди!

Иброҳим эшикдан кирган жойида тарашадай қотиб қолди.

У ўлим деган нарсани кўп эшитганди. Уйида гап орасида «ўлим» деган сўз такрорланиб турарди. Ундан кейин телевизорда ҳам ўлиб қолганларни кўрганди. Албатта, киноларда… Мультфильм… Иброҳим мультфильм кўрмасди. Чунки кўрганларининг кўпида маймунларни кўрсатишарди. Уларни кўрса, ўзининг ёнида ўтирган жиянлари унинг устидан кулишарди. «Ана сен! Ана сен!» дея мазах қилишарди…

«Энам ўлиб қолибди. Энам ўлибди. Энди нима қиламан? Мен ким билан ётаман? Ўлган энамни кўмишга олиб кетишади. Ўлган энам бу ерда қолмайди. Мен нима қиламан?»

Иброҳимнинг хаёллари гоҳ болаларча, гоҳ катталарча эди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: