“Трамп ёлғон гапирмоқда”

Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Сильва АҚШ президенти Дональд Трампнинг икки давлат ўртасидаги савдо балансига оид баёнотларини рад этди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Бу ҳақда Бразилия президенти Сан-Паулода янги бизнес очилиш маросимида сўзлаган. У Трампнинг “Бразилия билан катта савдо тақчиллиги мавжуд” деган даъвосини ҳақиқатга тўғри келмайди, деб баҳолади. Лула да Сильвага кўра, расмий маълумотларга асосланса, АҚШ Бразилия билан савдода ижобий балансга эга.
“Биз АҚШ билан ножўя кескинликни бошдан кечиряпмиз. Трамп Бразилия ҳақида бунчалик ёлғон гапиришини қабул қила олмайман”, деди у.
Лула шунингдек, Трампнинг Бразилия товарларига 50 фоизлик бож жорий этишини кескин танқид қилган:
“Бразилия ҳурматга лойиқ давлат. Қўшма Штатлар президенти мамлакатимизни ёмон савдо ҳамкори деб баҳолашга ҳақли эмас. Бразилия яхши давлат, ягона фарқ шундаки, биз АҚШ ҳукуматига тиз чўкмаймиз”.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 15 йилда Қўшма Штатлар ушбу мамлакат билан савдода жами 410 миллиард долларлик ижобий балансга эришган.