Жигарингиз соғломми? Буни қандай аниқлаш мумкин?

Жигар — организмнинг “фильтри”. У қонни зарарли моддалардан тозалаб, танада витамин ва минералларни сақлайди. Шунингдек, яллиғланишни назорат қилиб, энергия ишлаб чиқаради.
Бироқ жигар касалликлари, одатда, яққол белгиларсиз ривожланади. Кўпинча унга кеч босқичда ташхис қўйилишининг боиси шунда. Хўш, замонавий тиббиётда бундай патологияларни аниқлаш учун қандай текширув усулларидан фойдаланилади?
Вирусология илмий-тадқиқот институти директори, академик Эркин Мусабоев шу ҳақда маълумот берди.
Жигар билан боғлиқ патологиялар доимий чарчоқ ҳисси, оғизда аччиқ таъм, кўнгил айниши, тери ва кўз оқининг сарғайиши, ўнг қовурға остида оғриқ, пешоб ва ахлат ранги ўзгариши каби аломатлар билан намоён бўлади, — дейди мутахассис. — Бундай ҳолатда қуйидаги ташхис усулларидан фойдаланиш тавсия этилади:
Дастлаб терапевт кўриги зарур. У шикоятингизни эшитиб, ҳолатингизни баҳолаб, зарурат бўлса, гастроэнтеролог, гепатолог, онколог, инфекционист каби тегишли тор соҳа мутахассисларига йўналтириши мумкин.
Лаборатор таҳлиллар талаб этилади. Уларнинг турини шифокор белгилайди.
Масалан, умумий оқсил кўрсаткичлари — жигарнинг оқсилларни синтез қилиш қобилиятини акс эттиради. Унинг меъёрдан кўпайиши ушбу аъзодаги сувсизланиш, яллиғланишдан дарак берса, камайиши цирроз, гепатит, метастаз, токсик шикастланиш аломатидир.
Билирубин — қизил қон таначалари парчаланганда жигарда ҳосил бўладиган сариқ пигмент. Юқори билирубин концентрацияси жигар ёки ўт йўллари касалликларини кўрсатиши мумкин.
АЛТ (аланинаминотрансфераза) — жигар ҳужайралари шикастланганда ажралиб чиқадиган фермент. Унинг ортиши гепатит, токсик заҳарланиш, жигар ёғли гепатозидан далолат беради.
АСТ (аспартатаминотрансфераза) — нафақат жигар, балки юрак ва мушаклар билан ҳам боғлиқ фермент. Унинг меъёрдан ошиши гепатит ёки цирроз белгиси бўлиши мумкин.
Альбумин меъёрини текшириш ҳам жигар етишмовчилиги ёки циррозни аниқлашда қўл келади. Бундан ташқари, гепатит синамалари, АФП ва бошқа қатор таҳлиллар ҳам шу мақсадда қўлланилади.
Бемор инструментал усуллардаги текширувларга йўналтирилади. УТТ, КТ, МРТ, эластометрия каби ташхис турлари шулар жумласидан.
Заруратга кўра, оғир ҳолатлар, мисол учун, фиброз, ўсмалар, камёб касалликларда махсус синамалар ҳам олиниши кузатилади.