Туркияда давлат хизматчилари ҳукуматнинг маош таклифига қарши иш ташлади

Бир кунлик норозилик бутун мамлакат бўйлаб транспорт ва хизматларга таъсир кўрсатмоқда.
18 август куни Туркияда давлат хизматчилари ҳукуматнинг 2026–2027 йиллар учун таклиф этган маош ошириш режаларига қарши бир кунлик иш ташлаш ўтказди. Норозилик бутун мамлакат бўйлаб жамоат транспорти ва давлат хизматларида жиддий узилишларга сабаб бўлди.
Ҳукумат 12 август куни илк бор маошни ошириш бўйича таклифини эълон қилиб, 2026 йилнинг биринчи ярмида 10%, иккинчи ярмида 6% ва 2027 йилда икки маротаба 4% кўтаришни режалаштирган эди. Кейинчалик, 15 август куни базавий маошга қўшимча ₺1,000 (тахминан $24) қўшилиши ҳам билдирилди, аммо касаба уюшмалари буни етарли деб билмай, рад этди.
Норозилик намойишлари Анқарадан тортиб барча 81 вилоятда ўтказилди. Пойтахтда давлат хизматчилари Молия ҳамда Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирликлари олдида йиғилди. Измирдаги шаҳар атрофи поездлари — İZBAN эса иш ташлаш туфайли бир кунга тўхтатилди.
Туркия Касаба уюшмалари конфедерацияси раиси Али Ялчин ҳукуматнинг таклифини “инфляция ҳақиқатини инкор этиш” дея баҳолаб, “бундай шароитда музокара эмас, кўчага чиқишдан бошқа йўл қолмади”, деди. Норозиликка Мемур-Сен ва КEСК каби йирик ташкилотлар ҳам қўшилди.
Расмий статистикага кўра, июль ойида инфляция 33,5%ни ташкил этди. Мустақил тадқиқотчилар эса реал кўрсаткич 65% атрофида эканини таъкидламоқда. Касаба уюшмалари эса 2026 йил учун 88%, 2027 йил учун эса 46% маош оширилишини талаб қилмоқда.