Москвада генерал Кириллов қотиллиги бўйича тергов якунланди

Москвада генерал Кириллов қотиллиги бўйича тергов якунланди

Россия Қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлими юзасидан олиб борилган тергов ишлари ниҳоясига етди.

 

 

 

Расмий маълумотларга кўра, мазкур жиноятни 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аҳмаджон Қурбонов содир этганликда айбланмоқда. Тергов органлари аниқлашига кўра, Батухан Точиев ва Рамазон Падиев ҳам жиноятга алоқадор бўлиб, улар гумондорга яширин жой ташкил қилиб берган.

 

 

 

Тергов хулосасига мувофиқ, жиноят иши бўйича барча зарур процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган ва материаллар жабрланувчилар вакилларига тақдим этилган. Энди ҳужжатлар билан танишиш жараёни айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячиларига берилади.

 

 

 

Москванинг Басманний суди терговнинг илтимосига биноан Қурбонов, Точиев ва Падиевнинг ҳибсда сақланиш муддатини 17 ноябргача узайтириш ҳақида қарор чиқарган.

 

 

 

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 17 декабрь куни Москванинг жануби-шарқидаги турар-жой мажмуасида портловчи мослама ўрнатилган скутер портлаши оқибатида генерал Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов ҳалок бўлган эди. Қотилликда гумон қилинган Аҳмаджон Қурбонов эртаси куни қўлга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: