Норвегия миллий жамоаси Исроилга қарши ўйиндан тушган маблағни Ғазо секторига хайрия қилади

Норвегия футбол ассоциацияси ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Исроилга қарши ўйиндан тушган маблағни Ғазо секторига ёрдам учун хайрия қилади. Бу ҳақда ташкилот президенти Лисе Клавенесс хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, учрашув 11 октябр куни Норвегияда бўлиб ўтади.
«На биз ва на бошқа ташкилотлар Ғазо секторидаги тинч аҳолига нисбатан узоқ йиллардан бери амалга оширилаётган номутаносиб ҳужумларга бефарқ бўлолмаймиз. Исроил ФИФА ва УЕФА турнирларида қатнашмоқда, буни ҳисобга олишимиз керак. Лекин биз ушбу учрашувдан тушган фойдани Ғазо секторида ҳар куни инсон ҳаётини сақлаб қолиш, шошилинч ёрдам кўрсатиш билан шуғулланаётган гуманитар ташкилотга йўналтирмоқчимиз», – деди Клавенесс.
Маълумот учун, Ғазо секторидаги можаро 2023 йилнинг 7 октябр санасида кескинлашган эди. 2025 йилнинг август ойи бошларига келиб, ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 60 мингдан ошди, жароҳатланганлар эса 147 мингдан ортиқни ташкил этади.