Литва 50 км узунликдаги кўп қаватли мудофаа чизиғини қурмоқчи

Литва Россия ва Беларус билан чегараларини потенциал таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун 50 км узунликдаги кўп қаватли мудофаа чизиғини қуришни эълон қилди.
Литва Мудофаа вазирлиги тақдим этган режага кўра, мустаҳкамланиш тизими танкка қарши тўсиқлар, мина майдонлари ва истеҳком иншоотларини ўз ичига олади.
Мудофаа чизиғи уч ҳудуддан иборат бўлади. Биринчиси, беш километр чуқурликда, бевосита чегара бўйлаб жойлашади. У ерда траншеялар қазиш ва танкка қарши тўсиқлар, жумладан, «аждар тишлари» деб аталувчи тўсиқлар ҳамда мина майдонлари ўрнатиш кўзда тутилган.
Ўн беш километргача чўзилган иккинчи ҳудуд қўшимча муҳандислик тўсиқлари ва зарурат туғилганда портлатиш учун тайёрланган кўприкларни ўз ичига олади.
Учинчи ҳудудда ўрмон массивларидан фойдаланиш режалаштирилган – душман ҳаракатини секинлаштириш учун дарахтлар йўлларга қулатилади.
«Бу НАТО/ЕИ интеграция тамойилларига мувофиқ чегараларнинг чуқурроқ, назорат қилинадиган ва ишончли хавфсизлигини таъминлайди», дейилади Литва Мудофаа вазирлиги хабарида.