Энди сифатсиз маҳсулотлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилиши мумкин

Энди сифатсиз маҳсулотлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилиши мумкин

Ўзбекистонда 21 август куни Бозор назорати тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Қонуннинг асосий мақсади озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек бозор назорати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Лойиҳага кўра, бозор назорати органлари маҳсулотларнинг мажбурий талабларга мувофиқлигини текширади, жиддий хавф туғдирувчи ёки сифатсиз маҳсулотларни аниқласа, уларни муомаладан чақириб олади ва ишлаб чиқарувчи ёки сотувчига нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. Назорат харидлари жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда, икки нафар холис иштирокида ва видеотасвирга олинган тарзда амалга оширилади.

Қонун лойиҳасида шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида, номувофиқ маҳсулотлар ҳақида хабар берган шахсларни моддий рағбатлантириш механизми ҳам кўзда тутилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси бу тартибни лойиҳада белгиланган 4 ой муддат ичида тасдиқлаши режалаштирилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 5 сентябргача давом этади ва у 2026 йил 1 июлдан расмий равишда кучга кириши кутилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар бозор хавфсизлигини ошириш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилишга қаратилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: