Қозоғистон ва Хитой нефть ва газ соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Қозоғистоннинг “ҚазМунайГаз” миллий нефть-газ компанияси ва Хитойнинг CNPC (Хитой миллий нефть корпорацияси) йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масаласини муҳокама қилди.
Маълумотга кўра, Пекинда “ҚазМунайГаз” бошқаруви раиси Асхат Хасенов ва CNPC директорлар кенгаши раиси Дай Хоулян учрашув ўтказган. Суҳбат чоғида стратегик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари кўриб чиқилди.
Хусусан, томонлар:
геология-қидирув ишларида ҳамкорликни кенгайтириш;
Шимкент нефтьни қайта ишлаш заводи қувватини 2030 йилга қадар 6 млн тоннагача ошириш;
Ақтўбе вилоятида йиллик 880 минг тоннагача карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши каби лойиҳаларни муҳокама қилдилар.
Ушбу карбамид ишлаб чиқариш лойиҳаси агросаноат соҳаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун стратегик аҳамият касб этади. Лойиҳанинг умумий инвестицияси 1,25 млрд долларга баҳоланмоқда.
Таъкидланишича, томонлар қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрликларини билдирган.