Европа Иттифоқи россияликлар учун виза қоидаларини кучайтириши мумкин

Италиянинг ANSA агентлиги хабар беришича, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари сабаб жорий этилаётган 19-санкциялар пакети доирасида Европа Иттифоқи Россия фуқароларига виза бериш тартибини янада қатъийлаштиришни кўриб чиқмоқда.
Мазкур ташаббус туристик визаларга чекловлар қўйиш, шунингдек, россиялик дипломатларнинг Европа ҳудудида фаолиятига қўшимча чекловлар киритишни назарда тутиши мумкин.
Маълумотларга кўра, масала Европа давлатларига кириб келаётган Россия фуқаролари сонининг ортиши фонида кун тартибига чиқарилган. Шу билан бирга, айрим мамлакатлар — Польша, Латвия, Литва, Эстония ва Чехия аллақачон россияликларга туристик виза беришни тўхтатган.
Янги санкциялар пакети 2025 йил сентябрда қабул қилиниши кутилмоқда. Politico манбаларига кўра, ҳужжат Россия энергетика ресурслари экспортига йирик чекловларни ўз ичига олмаса-да, айрим банклар ва энергетика компанияларига, жумладан, “Роснефть” ҳамда “Лукойл”га қарши санкцияларни кучайтириши мумкин.