Йўл четида қолдирилган юк машиналарига жарима жорий этилади

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги юк транспорти ҳайдовчилари учун янги маъмурий жавобгарлик чораларини таклиф этмоқда. Энди юк машинасини йўл четида қолдириш ёки рухсат этилмаган жойда тўхтатганлик учун – Йўл ҳаракати қоидаларида кўзда тутилган истисно ҳолатлардан ташқари – ҳайдовчига 5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида (тахминан 2 миллион сўм) жарима қўлланиши белгиланяпти. Шу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Мазкур ташаббус йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш заруратидан келиб чиққан. Оғир юк машиналари, хусусан ярим тиркамалар, кўплаб ҳолларда йўл белгилари, чорраҳалар, пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда маҳаллий йўллардан чиқиш йўлакларини тўсиб қўймоқда. Бу эса бошқа ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл вазиятига ўз вақтида муносабат билдиришига халақит бериб, жиддий ЙТҲларга сабаб бўлиш хавфини оширади.
Бундан ташқари, тунги вақтларда ёки ёмон об-ҳаво шароитида йўл четида тўхтаб қолган юк машиналарини енгил автомобиллар ҳайдовчилари кеч пайқайди. Кўплаб ҳолларда бундай транспорт воситаларида хавф чироқлари ёқилмаган ёки фавқулодда тўхташ белгиси қўйилмаган бўлиб, бу қўшимча хавф туғдиради.
Таклиф этилаётган жарималар тартибни мустаҳкамлаш, интизомсизликнинг олдини олиш ҳамда энг муҳими, барча йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Мазкур чора йўл четида тартибсиз қолдирилган юк транспорти сонини камайтиришга ва йўлларда юзага келаётган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.