2026 йилдан фуқаролар пенсия миқдорини олдиндан ҳисоблай олади

Ўзбекистонда 2026 йил баҳоридан фуқароларга келажакда оладиган пенсиясини олдиндан ҳисоблаш имконияти яратилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов маълум қилди.
Ҳозирда жамғарма “Менинг пенсиям” дастурини ишлаб чиқмоқда. Ушбу хизмат орқали фуқаролар ўз ЖШШИРини киритиб ва OneID орқали идентификациядан ўтиб, меҳнат стажи, иш ҳақи, ўқиш даври, аёллар учун фарзандлар сони, эркаклар учун ҳарбий хизмат ҳақидаги маълумотларни интеграция асосида олиб, бўлажак пенсия миқдорини кўра олади.
Отажоновнинг айтишича, дастур пенсия ёшига етганда иш стажи етарлими-йўқлигини ҳам кўрсатади. Агар стаж кам бўлса, бу фуқароларни норасмий сектордан чиқиб, расмий ва юқорироқ маошли ишга ўтишга ундаши мумкин.
Дастлаб хизматни 2026 йил 1 сентябрда ишга тушириш режалаштирилган эди. Бироқ жараён тезлаштирилиб, апрель–май ойлариданоқ амалга жорий этилиши кутилмоқда.