Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг оила аъзолари уйидан мажбурлаб чиқарилди — “Интерфакс” (видео)

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги уйи жойлашган ер суд қарори билан давлат мулкига қайтарилганини маълум қилди. Уйнинг ўрнида қариялар уйи ва болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган.
«Айримлари милиция кийимидаги, баъзилари оддий кийинган одамлар келишди ва куч ишлатиб, эшикни бузиб очишди. Ҳужжатларини кўрсатишмади», — деб ёзди собиқ президентнинг қизи Алия Шагиева ижтимоий тармоқда.
3 июн куни Бишкекнинг Первомайск тумани суди Атамбаевни сиртдан 11 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Собиқ президент коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, шунингдек, Қўйтош қишлоғидаги ер майдонларини ноқонуний қўлга киритишда айбдор деб топилган.