2026 йилдан Қирғизистон Ўзбекистонга сувни сотмоқчи

Қирғизистон 2026 йилдан янги Сув кодексини жорий этиб, сувдан фойдаланишни тўлиқ тўловли қилишни режалаштирмоқда. Мазкур қарор Марказий Осиёда ўнлаб йиллардан буён амал қилиб келаётган “ёзда сув – қишда электр энергияси” алмашинув тизимини издан чиқариши мумкин.
Ўзбекистон ва Қозоғистон учун масала айниқса муҳим, чунки минтақада қишлоқ хўжалиги ҳамда саноат соҳалари сув таъминотига қаттиқ боғлиқ.
2025 йил сентябр ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон сув-энергетика мувозанатини сақлаш мақсадида вақтинчалик баённома имзолаганди. Бироқ асосий ўзгаришлар 2026 йилдан амалга ошиши кутилмоқда.
2025 йил 1 июлда қабул қилинган ва 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган янги кодексга кўра, Қирғизистонда сув нефть ва газ каби қиммат ресурс мақомига чиқарилади.