Бразилия собиқ президенти Болсонару шифохонага ётқизилди
16 сентябрь куни Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару ўзини ёмон ҳис қилгани учун касалхонага олиб кетилди, бу ҳақда унинг ўғли Флавио Болсонару ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг собиқ раҳбари ўзини ёмон ҳис қилган: ҳиқичоқ тутиши кузатилган, қон босими пасайиб, кўнгли айнишни бошлаган. «У полиция ходимлари ҳамроҳлигида DF Star [касалхонасига] йўл олди. Бу фавқулодда ҳолат эди», — деб ёзди Флавио Болсонару.
Собиқ биринчи хоним Мишель Болсонару эса турмуш ўртоғи баъзи тестлардан ўтганини ва томирдан укол олаётганини билдирди.
Ўтган ҳафтада Бразилиянинг 70 ёшли собиқ президенти Жаир Болсонару 2022 йилги сайловларда мағлубиятга учраганидан кейин ҳокимиятда қолиш учун давлат тўнтаришини режалаштирганликда айбланиб, 27 йилу уч ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
