Қундуз қурган тўғон Данияда поездлар ҳаракатини тўхтатди

Данияда ғайриоддий воқеа кузатилди: қундузнинг табиий инстинкти — тўғон қуриши, бутун бошли темирйўл қатновини бир ҳафталик танаффусга олиб келди. Бу ҳолат Аулум ва Струер шаҳарлари орасидаги қатнов йўналишида содир бўлди, деб хабар берди DR.
Маълумотларга кўра, қундуз кўприк остидаги сойда тўғон қурган. Натижада сув оқими ўзгариб, темирйўл кўпригининг асосий пойдевори заифлашган. Бу эса поезд ҳаракатини хавфли айлантириб, 17 сентябрдан қатновни тўхтатишга сабаб бўлди.
Банеданмарк қундузни “айбдор” деб топди
Давлат темирйўл тармоғига масъул бўлган Банеданмарк компанияси йўловчилар учун юзага келган ноқулайликларда “масъулият қундузнинг зиммасида” эканини расман маълум қилди. Уларнинг баёнотида айтилишича, қундуз қурган тўғон сув йўналишини ўзгартириб, кўприкнинг таг қисмини сўндирган ва пойдеворни кучсизлантирган.
Компаниянинг таъкидлашича, табиатда бундай ҳолат жуда кам кузатилади. Қундузлар қурган тўғонлар кўпинча экологик мувозанатни таъминлашда ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ бу ҳолатда табиий жараён темирйўл инфратузилмаси учун жиддий хавф туғдирди.
Йўловчилар автобусларга ўтказилди
Темирйўл қатнови тиклангунга қадар йўловчилар учун махсус автобуслар ташкил қилинди. Банеданмаркнинг маълум қилишича, таъмирлаш ва тиклаш ишлари камида 21 сентябрь — якшанба куни кечгача давом этиши мумкин. Шу вақтга қадар поезд қатнови тўлиқ тикланиши кутилмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, табиат ва инфратузилма тўқнаш келган бундай вазиятлар келгусида ҳам эҳтиёткорликни талаб этади. Чунки қундуз табиий ҳаёт тарзини давом эттирса, одамлар эса ўз инфратузилмасини муҳофаза қилишига тўғри келади.