Гўбеклитепеда оламшумул кашфиёт: Неолит даврига оид инсон ҳайкали топилди

Гўбеклитепеда оламшумул кашфиёт: Неолит даврига оид инсон ҳайкали топилди

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Гўбеклитепеда олиб борилаётган қазиш ишларини кўздан кечирди. У 12 минг йиллик тарихга эга бўлган Гўбеклитепенинг нафақат Онадўли, балки бутун инсоният тарихининг бошланғич нуқтаси эканлигини таъкидлади ҳамда у ерда олиб борилган қазишмаларда янги ва ноёб ҳайкал топилганини маълум қилди:

“Гўбеклитепедаги қазиш ишлари давомида яна бир жуда муҳим кашфиёт топилгани хушхабарини баҳам кўрмоқчиман. Гўбеклитепенинг Б ва Д бинолари ўртасидаги ҳудудда хона девори ичига горизонтал тарзда ўрнатилган ва назр сифатида қўйилган деб тахмин қилинаётган инсон ҳайкали топилди. Бунга ўхшаш намуналарни Караҳантепеда учратган эдик. Аммо Гўбеклитепедан топилган ушбу янги топилма Неолит даврининг маросимлари ва эътиқод дунёсига ойдинлик киритадиган жуда қимматли кашфиётдир”.

Шунингдек, Маданият ва туризм вазири ўринбосари Гўкҳан Язгининг фикрига кўра, ҳайкалнинг айнан ўша жойда бўлиши ўзига хос рамзий маъно касб этиш билан бирга Неолит даврига оид кўплаб тасаввурларни қайта шакллантирмоқда.

Давр ҳайкалтарошлиги муваффақиятининг рамзи

Гўбеклитепе қазиш ишлари директори Нежми Карул ҳам ҳайкал ҳақида маълумот бериб, унинг оёғи йўқ, лекин боши ва танаси аниқ ажралиб турганлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳайкалнинг девор ичида жойлашгани унинг вазифасини тўлиқ аниқлашни қийинлаштиради.

“Гўбеклитепеда ҳайкалтарошлик соҳасининг юксак маҳоратини эстетик услуб билан яратилган асарларда кўриш мумкин. Неолит даврига оид ҳайкаллар бор, бироқ бу ҳайкалнинг девор ичига чалқанча ва синиқ ҳолда жойлаштирилгани биринчи марта кузатилмоқда. Нега айнан у ерга қўйилгани ҳақидаги аниқ мулоҳаза учун эса вақт зарур”, дейди Карул, ҳайкал ўша ерда ўтказилган маросимнинг бир қисми бўлишини ифодалаб.

“Гўбеклитепега қизиқиш барқарор равишда давом этади”

Меҳмет Нури Эрсой ўз нутқида Гўбеклитепеда бошланган қазишмалар археология оламида бурилиш нуқтаси бўлгани, “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида олиб борилган ишлар билан кифояланиб қолмай, шунингдек, топилмаларни қайта тиклаб, муҳофаза қилиб ва уларни келажак авлодга топшираётганини таъкидлаб ўтди.

“Гўбеклитепенинг ҳозиргача топилган энг йирик тузилмаси бўлган C бинода деворларни мустаҳкамлашдан тортиб, тик тошларни асл жойларига қайтаришгача бўлган кенг қамровли ишлар муваффақиятли якунланди. Баландлиги 6 метргача етадиган тонналаб оғирликдаги тик тошлар олимларимизнинг синчковлиги ва юқори маҳорати билан яна тик ҳолатга келтирилди. Бу жараёнда қўлланган ҳар бир материалнинг асл нусхага мувофиқлиги алоҳида эътиборга олинди. Эндиликда нафақат қазиш ва асраш, балки зиёратчиларни бошқариш борасида ҳам янги даврга қадам қўймоқдамиз. 2025 йил якунига қадар фойдаланишга топшириладиган янги зиёратчилар маркази, автотураргоҳ ва пиёда йўллари орқали Гўбеклитепега бўлган қизиқишни барқарор тарзда бошқаришни мақсад қилмоқдамиз. Гўбеклитепе бутун инсоният тарихининг муштарак меросидир”, деди Меҳмет Нури Эрсой.

2025 йил давомида “Тош тепаликлар” лойиҳаси доирасида 36 та халқаро илмий муассаса иштирокида 220 нафар мутахассис ва талабалардан иборат жамоа билан 10 та турли нуқтада археологик қазишмалар олиб борилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: