Туркия барқарор туризмда рекорд ўрнатди: GSTC сертификатига эга меҳмонхоналар сони 2000 дан ошди

Туркия 2022 йилда турк туризми учун барқарор асос яратиш мақсадида Глобал Барқарор Туризм Кенгаши (GSTC) билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ташаббус Туркияни ҳукумат даражасида GSTC билан миллий дастур ишлаб чиққан биринчи давлатга айлантирди. Туркия нафақат туризм секторини тубдан ўзгартирди, балки ўзининг ажойиб кўрсаткичлари билан жаҳон миқёсида намуна бўладиган моделни ҳам яратди. Туркия дунёда GSTC сертификатига эга бўлган турар жойлар сони бўйича биринчи ўринда туради, яъни ушбу сертификатланган муассасаларнинг 80% дан ортиғи Туркияда жойлашган.
Глобал стандартларга умуммиллий мажбурият
Туркия Миллий барқарор туризм дастурининг учинчи босқичи доирасида GSTC сертификати Туркиядаги барча турар жой муассасалари учун обрў рамзига айланди, бу орқали ўз зиёратчиларига энг сифатли ва энг қулай тажрибани тақдим этишни мақсад қилган. 2024 йил охирига келиб 1466 та муассаса GSTC сертификатига эга бўлди, 2025 йил 1-сентябрга келиб эса бу рақам 2005 тага етди, яъни тўққиз ой ичида 37 фоизга ўсди.
Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой соҳа тараққиётини таъкидлаб шундай дейди:
“GSTC сертификатига эга 2000 дан ортиқ меҳмонхоналар сони барқарор туризм соҳасидаги етакчилигимизни таъкидлайди. Якуний мақсадимиз 2030-йилгача глобал стандартларга тўлиқ мослашишдан ташқари Туркияни барқарор туризм келажагини фаол шакллантирувчи глобал етакчи мақомига етказишдир. Учинчи босқич GSTC сертификатини олган объектлар сони ортиб бораётгани ва ҳозирда тасдиқланган ҳамда сертификатланган 19 мингдан ортиқ объект мавжудлиги, соҳамизнинг бу ўзгаришларга содиқлигини яққол кўрсатмоқда. Барқарорлик туризм келажагини белгиловчи асосий тамойил ва жамоавий масъулиятга айланди. Шу боисдан Туркия бу сертификатлаш жараёнларини эндиликда гастрономия соҳасига ҳам кенгайтирмоқда. Туркия озиқ-овқат ва ичимликлар соҳасидаги ушбу янги дастур орқали, худди меҳмонхона соҳасида бўлгани каби, яна бир бор глобал намуна яратади”.
Глобал Барқарор Туризм Кенгаши (GSTC) бош директори Ренди Дурбанд Туркиянинг барқарор туризм соҳасидаги ютуқлари ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
“Барқарор туризмда кучли етакчиликка эришган ва 2 000 дан ортиқ GSTC сертификатига эга меҳмонхоналарни ортда қолдирган Туркияни табриклаймиз. Туркиянинг Барқарор туризм миллий дастури турли ҳажм ва турдаги меҳмонхоналарни қамраб олган ҳолда, ҳукумат ва хусусий сектор барқарорлик мезонини юксалтиришнинг глобал намунаси ҳисобланади. Умид қиламизки, бу ғоят муҳим йўл дунё бўйлаб бошқа манзилларга ҳам илҳом бағишлайди.”
GSTC билан илҳомлантирувчи ҳамкорлик
Турар жойни текшириш/сертификатлаш жараёни GSTC билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Туркия Миллий барқарор туризм дастурининг ажралмас қисми ҳисобланади. Турк туризмида барқарор ўсишни таъминлаш ва барча манфаатдор томонларни умумий тушунча атрофида бирлаштириш учун ишлаб чиқилган Миллий барқарор туризм дастури Туркиядаги турар жой объектларини GSTC стандартлари асосида қатъий текширувдан ўтказади. Вақт ўтиши билан мажбурий тус олган ва халқаро стандартларга тўлиқ мослаштирилган мазкур дастур барча меҳмонхоналарни 2030 йилга қадар уч босқичли текширувини тўлиқ якунлаб, Барқарор Туризм Сертификатига эга бўлишини кўзда тутади.