Қозоғистонда Telegram’нинг янги офиси очилди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев Telegram мессенжери асосчиси ва тадбиркор Павел Дуров билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот чоғида таълим, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари Telegram’нинг Қозоғистоннинг рақамли кун тартибини илгари суришдаги ўрни ва ҳиссасини юксак баҳолади.
Токаев маълумотига кўра, компания расман Astana Hub’га аъзо бўлиб, Қозоғистонда ўз офисини очган ва AIem.Ai марказида сунъий интеллект лабораторияларини ишга туширган.
Учрашув Digital Bridge 2025 халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди. Форум доирасида Дуров Telegram’нинг Қозоғистонда сунъий интеллект соҳасида янги лаборатория ташкил этишини эълон қилди.
Шунингдек, Павел Дуров сентябр ойида Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида ўзи ҳомийлик қилаётган IQanat мактабида бўлиб, қишлоқ мактаб ўқувчилари билан учрашган, дастурлашдаги илк тажрибалари ҳақида сўзлаб берган ҳамда талабалар билан мулоқот қилган эди.