Ўзбекистон август ойида 2 тонна олтин харид қилди

Марказий банклар август ойида жаҳон олтин захираларига соф 15 тонна олтин қўшди, дея хабар бермоқда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Counsil – WCG)
Бу кўрсаткич март–июн ойларидаги ойлик соф харидлар билан мос келади ва июл ойидаги танаффусдан сўнг марказий банклар олтин харидига қайтганини билдиради
WCG ҳисоботига кўра, жорий йилда бир неча марта тарихий рекорд даражага етган олтин нархининг ўсиши марказий банкларнинг сотиб олиш ҳажмини чеклаб туриши мумкин. Баъзи марказий банклар бу вазиятда қисқа муддатли сотув стратегиясини ҳам қўллашмоқда. Аммо сўнгги ойларидаги харидларнинг секинлашуви марказий банклар олтиндан бутунлай юз ўгирди, дегани эмас. Аксинча, улар ҳали ҳам олтин улушини оширишдан манфаатдор.
Август ойида 7 марказий банк олтин захираларини (камида 1 тоннага) оширди. Фақат икки марказий банк олтин захирасининг камайгани ҳақида маълумот берган.
• Қозоғистон миллий банки 8 тонна олтин сотиб олди — бу кетма-кет олтинчи ой харид. Унинг олтин захиралари ҳозирда 316 тоннани ташкил этади, бу 2024 йил охирига нисбатан 32 тоннага кўп.
• Болгария миллий банки олтин захирасини 2 тоннага оширди — бу 1997 йил июнидан буён энг йирик ойлик ўсиш (ўшанда 8 тонна харид амалга оширилган). Энди мамлакатнинг жами олтин захираси 43 тоннага етди.
• Туркия марказий банки халқаро захираларига 2 тонна олтин қўшди. Шу билан йил бошидан буён расмий олтин захиралари 21 тоннага ошиб, 639 тоннага етди.
• Хитой Халқ банки 2 тонна олтин сотиб олди — бу кетма-кет ўнинчи ой харид. Эндиликда Хитойнинг жами олтин захиралари 2300 тоннадан ошди, бироқ бу умумий халқаро захираларнинг атиги 7 фоизини ташкил этади.
• Ўзбекистон Марказий банки ҳам август ойида 2 тонна олтин сотиб олди. Умумий олтин захираси ҳозирда 366 тоннани ташкил этмоқда — бу 2024 йил охирига нисбатан 17 тоннага кам.
• Чехия миллий банки эса 2 тонна олтин сотиб олиб, 30 ойлик узлуксиз харид сериясини давом эттирди. Унинг олтин захиралари ҳозир 65 тонна. Чехия 2028 йил охиригача халқаро захиралари таркибида 100 тонна олтин сақлашни мақсад қилган.
• Гана банки 2 тонна олтин қўшиб, йил бошидан бери жами 5 тонна харид қилди. Унинг олтин захираси 36 тоннага етди.
Маълумотларга кўра, Россия Марказий банки (3 тонна) ва Индонезия банки (2 тонна) олтин сотган ягона марказий банклар бўлган. Россия олтин захирасининг камайиши, эҳтимол, мамлакатнинг танга зарб қилиш дастури билан боғлиқ.
WCG марказий банкларнинг 2025 йилнинг III чорагидаги олтин талаби ҳақидаги тўлиқ ҳисоботини 30 октябрда эълон қилиши кутилмоқда.