Талабаларнинг стипендиялари қачон тўлаб берилиши маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда айрим олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Хабарда айтилишича, барча ОТМларда юқори курс талабаларига стипендиялар тўлаб берилган. Тармоқда тарқалган хабарлар айрим олийгоҳлар, хусусан, Ўзбекистон Миллий университети, Санъат ва маданият институти, Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 1-босқич талабалари билан боғлиқ.
Вазирлик уларга стипендия тайинлаш бўйича тегишли буйруқларни расмийлаштириш ва банк пластик карталарини очиш жараёни кечиккани сабабли тўловлар амалга оширилмасдан қолганини билдирди.
«Ҳозирда мазкур буйруқлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда ва барча олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари жорий ҳафта якунига қадар амалга оширилади», – дея тушунтирди ташкилот.