Андижонда канал суви тошиб, бир нечта хонадонлар сув остида қолди

11 октябрь, шанба куни соат 07:58 да Андижон туманидаги «Қумкўча» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи СРК-1 маҳаллий каналида сув сатҳи ортган. Оқибатда дамба ва қирғоқлардан қисман сув тошиб чиққан.
Натижада бир нечта аҳоли хонадонларининг томорқалари сув остида қолган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилишича, ҳозирда Ирригация тармоқлари бошқармаси томонидан каналга сув узатиш тўхтатилган.
Ҳодисада тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Қутқарувчилар, ҳокимлик ва муҳандислик техникалари жойда тузатиш ишларини бошлаган.