Тошкентда яна бир қурувчи ташкилотдан фуқаро фойдасига 366 млн. сўм ундириб берилди

Тошкентда яна бир қурувчи ташкилотдан фуқаро фойдасига 366 млн. сўм ундириб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор “E.H.” қурилиш корхонасидан ундирувчи Т.Н. фойдасига 366 млн. сўм миқдорида қарз ундириш тўғрисида ижро ҳужжати Бюронинг Юнусобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Фуқаро 2022 йилда яхши ниятларда хонадон сотиб олиш мақсадида, янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурувчиси ҳузурига боради. Фуқаро ва қурувчи ўртасида шартнома имзоланиб, белгиланган муддатларда янги уй қуриб, хонадонлар ўз эгаларига топширилиши маълум бўлади. Бироқ, фуқаро 2 йил кутади, қурувчи томонидан белгиланган муддатда ҳам хонадон фуқарога топширилмагач, 2024 йилда фуқаро тегишли органларга мурожаат қилади.

Қарздорга нисбатан берилган ихтиёрий муддатда фуқаро фойдасига қарз суммалари қоплаб берилмагач, давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-прим 1-моддаси 2-қисмига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баровар миқдорида қарздорга нисбатан жарима қўлланилган.

Шунингдек, Бюронинг туман бўлими томонидан қарздорнинг кўчар ва кўчмас мулклари ва банк ҳисоб рақамларини аниқлаш мақсадида, тегишли ташкилотларга сўровнома хатлари юборилган.

Бундан ташқари, қарздорнинг номида М.Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчасида жойлашган нотурар бино борлиги аниқланган ва ушбу кўчмас мулкка тақиқ қўйилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 09.10.2025 йил қарздор ташкилотдан фуқаро фойдасига 366 млн. сўм ундириб берилган.

Хусусан, қарздор ташкилотнинг солиқ ва яна бошқа фуқаролар фойдасига бўлган 1,5 млрд. сўмлик қарз ундириш ижро ҳужжатлари иш юритувга келиб тушган бўлиб, нотурар бинони аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда, савдодан тушган пул маблағлари қолган қарздорликларни қоплаш учун йўналтирилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: