Рецептсиз дори сотганлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясида жорий йилнинг энг долзарб масалаларидан бири — рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида ушбу соҳадаги жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Тақдим этилган қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва дорихоналар фаолиятидаги тартибни мустаҳкамлашни мақсад қилади. Ҳужжат билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Фракция аъзолари таъкидлашича, сўнгги йилларда айрим кучли таъсир этувчи препаратлар ноқонуний тарзда айланиб, ахлоқ ва саломатлик учун хавф туғдираётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, жавобгарликни ошириш билангина муаммони ҳал этиб бўлмаслиги ҳам айтилди.
Депутат Козим Тожиевнинг сўзларига кўра, “кучли таъсир қилувчи дори воситалари” билан боғлиқ ноқонуний савдо кўпайгани ачинарли ҳолат. Аммо фақат жазо чораларини оғирлаштириш билан бу иллатнинг олдини олиш қийин. Унинг фикрича, бунда профилактика ишлари ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, фракция раҳбари Алишер Қодиров ҳам қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, жарималарни икки баробар ошириш билан дорихоналардаги ноқонуний савдони тўхтатиб бўлмайди. Бу борада назорат тизимини кучайтириш, лицензия талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ва энг муҳими, инсон омилларини камайтириш зарур.
Йиғилишда таъкидланганидек, партиянинг сайловолди дастурида соғлом ва фаол ҳаёт тарзини таъминлаш, миллат генофондини асраш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шунинг учун “Миллий тикланиш” фракцияси учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги тартиб-интизомни мустаҳкамлаш таълим ва тарбия масалаларидан кам аҳамиятга эга эмас.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Янги тартиб қабул қилинса, дори воситалари айланмаси соҳасида назорат янада кучайиши ва ноқонуний савдоларни кескин камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шундай қилиб, фракция аъзолари ушбу ташаббус орқали соғлом авлодни муҳофаза қилиш ва дори бозорида шаффофликни таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташлашди.