Дональд Трамп Хитой таҳдидларига қарши “Олтин флот” тузмоқда

Дональд Трамп Хитой таҳдидларига қарши “Олтин флот” тузмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ҳарбий флотини тубдан янгилаш ва “Олтин флот” деб номланган янги денгиз стратегиясини амалга ошириш ниятида эканини маълум қилди, деб ёзади The Wall Street Journal манбаларга таяниб.

Маълумотларга кўра, янги флот Хитойдан келаётган эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга қарши самарали жавоб бериши керак бўлади. Бу режа ҳозирча муҳокама босқичида, аммо Трампнинг ўзи шахсан жараённи назорат қилиб бормоқда.

Янги концепция доирасида АҚШ узоқ масофага мўлжалланган ракеталар билан жиҳозланган йирик жанговар кемалар ҳамда тезкор ҳаракатлана оладиган кичикроқ корветлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Шунингдек, гипертовушли қуроллар билан жиҳозланган янги фрегатлар синфи яратилиши мумкин.

Денгиз соҳасида фаолият юритган заҳирадаги ҳарбий Брайан Кларкнинг сўзларига кўра, Вашингтон флотни 280–300 та кема ва кўплаб учувчисиз дронлар билан тўлдиришни мақсад қилган. Унинг фикрича, катта ва кичик кемалардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш замонавий таҳдидларга мос модел ҳисобланади.

— Ҳозирги флот янги хавфларга қарши етарлича самарали кураша олмаяпти. Бу яққол Қизил денгизда ҳусийлар ҳужумларини қайтаришда кўринди. Шу боис янги форматдаги флот зарур, — деди Кларк.

Унинг таъкидлашича, катта миқёсли жанговар кемаларни қуриш Трампнинг амалий муддати давомида тугалланмаслиги мумкин, аммо кичик корветлар ишлаб чиқаришни бошлаш эҳтимоли юқори.

Президент Трамп сўнгги чиқишларидан бирида айрим флот кемаларининг ташқи кўриниши унга маъқул эмаслигини айтган ва ўзини “жуда эстетик инсон” деб таърифлаган эди. Шу билан бирга, у 2026 йилда АҚШ 19 та янги ҳарбий кемага эга бўлишини ва маъмурияти “Олтин гумбаз” номли ракетага қарши мудофаа тизимини ишга туширганини ҳам эслатди.

“Олтин флот” концепцияси, таҳлилчилар фикрича, Трамп маъмуриятининг АҚШ ҳарбий-денгиз қудратини қайта тиклаш, Хитой ва бошқа геосиёсий рақибларга қарши стратегияни мустаҳкамлаш ниятини кўрсатади.

Агар режа амалга ошса, Америка флотининг янги авлоди нафақат жанговар салоҳиятни оширади, балки АҚШнинг глобал денгиздаги устунлигини янада мустаҳкамлаб, янги қудрат рамзига айланиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: