Болу — Қора денгиз бағридаги яширин жаннат
Болу шаҳри Қора денгиз минтақасининг ғарбида жойлашган бўлиб, у ўзининг ям-яшил табиати, бетакрор ўрмонлари ва ўзига хос маданий ёдгорликлари билан ажралиб туради. У ерда илк хеттлар яшаган. Кейинчалик ҳудуд Фригия ва Лидия ҳукмронлиги остига ўтган. Сўнгра бу ерларда аввал Александр Македонский империяси, ундан кейин эса Битиния қироллиги ташкил топган.
Болу шаҳрида Салжуқийлар, Трабзон Рум империяси ва Усмонийлар давлатлари ҳукмронлик қилган. Узоқ вақт Усмонийлар тасарруфида бўлган шаҳар Туркия Республикаси даврида вилоят мақомини олган.
Тарихий Болу уйлари
Тарих, табиат, гастрономия…Буларнинг бари Болуда мужассам! Шаҳар меъморчилигининг энг гўзал намуналарини Мудурну, Гўйнук, Кибрисжик каби туманлардаги тарихий уйларда кўриш мумкин. Тарихий Болу уйлари одатда бир ёки икки қаватли бўлиб, нақшинкор шифтлари ва маҳаллий кошинлар билан қопланган томлари билан эътиборни тортади. Уйларнинг олдида “Ҳаёт” деб аталадиган ҳовлилар жойлашган. Бу уйларда Болу маданияти, урф-одати ва ҳаёт тарзи ўз аксини топган.
Боязид Йилдирим масжиди
Болу шаҳрининг энг тарихий диққатга сазовор жойларидан бири — Боязид Йилдирим масжиди бўлиб, у 1382 йилда Боязид Йилдирим томонидан қурилган. Масжид дастлаб ўша давр меъморчилиги анъаналарига мос равишда ёғочдан бунёд этилган. 1891 йилда юз берган даҳшатли ёнғиндан сўнг қайта тикланган, 1999 йилги замонавий реставрациядан сўнг ҳозирги кўринишга келтирилган. Ҳайратланарлиси шундаки, бу масжид 700 йиллик тарихга гувоҳ бўлган.
Болу музейи
Болу музейи 1981 йилда очилган бўлиб, унда шаҳар ва унинг атрофларидан топилган қадимий ашёлар намойиш этилади. Музейда Урарту, Лидия, Рим ва Византия даврларига оид кўплаб ёдгорликларни кўриш мумкин. 17 мингдан ортиқ экспонат сақланаётган ушбу музей — албатта ташриф буюришга арзийдиган тарихий манзил!
Абант кўли ва табиат боғи
Абант кўли ва табиат парки шаҳар марказидан тахминан 35 км узоқликда жойлашган. Парк ўзининг салқин, тоза ҳавоси ва қарағай ўрмонлари билан ўралган кўли билан машҳур. Бу ерда сайр қилиш, велосипед ижарага олиш, табиат қўйнида дам олиш ёки табиатнинг гўзалликларини суратларга муҳрлаш мумкин. Ушбу бетакрор муҳитда тунашни истовчилар учун Абант меҳмонхоналари идеал танловдир.
Етти кўл миллий боғи
Шаҳар марказидан тахминан 45 км узоқликда жойлашган Етти кўллар миллий боғи ўз номини еттита кўлдан олган: Серингўл, Буюкгўл, Назлигўл, Дерингўл, Кучукгўл, Сазлигўл ва Инжегўл.
1965 йилда миллий боғ мақомини олган бу маскан олха, эман, ғўр, ғужум каби тур хил дарахтларга бой. Бундан ташқари, бу ерда кўплаб қушлар ва балиқлар яшайди. Етти кўл — Болуда албатта кўриш керак бўлган энг машҳур табиий масканлардан бири.
Гўлжук табиат боғи
Болунинг яна бир табиий мўъжизаси — шаҳар марказидан атиги 13 км масофада жойлашган Гўлжук табиат боғи. Арча ва қарағай дарахтлари билан ўралган бу жой тинчлик ва осойишталик бахш этади. Ўрмон хўжалигига қарашли меҳмон уйи — ноёб фотосуратлар олиш учун машҳур жой. Бу ерда пиёда сайр қилиш, велосипед ижарага олиш мумкин. Гўлжук табиат боғига кириш бепул.
Карталкая Чанғи курорти
Карталкая тоғ-чанғи курорти қишки спорт ишқибозларининг энг севимли маскани ҳисобланади. У Короғлу тоғлари тепасига қурилган бўлиб, оппоқ қорлари ва кўзни қамаштирувчи манзаралари билан сайёҳларни ўзига ром этади. Курортда қиш мавсуми декабрь ойида бошланиб, март ойигача давом этади.
Болунинг лаззатли таомлари
Болу шаҳри ўзининг турфа маҳаллий таомлари ва ошпазлари билан танилган. Менген туманида етишган моҳир ошпазларни бугунги кунда кўплаб туристик масканлар ва машҳур ресторанларда учратиш мумкин. Шаҳар, шунингдек, ҳар йили сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида ўтказиладиган пазандачилик фестивали билан ҳам ном қозонган.
Болу ошхонасининг ўзига хос таомлари орасида қуйидагилар алоҳида ўрин тутади: абант кабоби, овмач шўрва, менген палови, калдирик дўлма, паша палови, кеш пишлоқ, ҳўшмерим, қовоқли панкейк, картошкали қишлоқ нони.
