Қанқа ёдгорлигида 5–8-юз йилликларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди

Қанқа ёдгорлигида 5–8-юз йилликларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди

Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган Қанқа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган навбатдаги экспедиция давомида 5–8-юз йилликларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди.

Фанлар академияси Тарих институти Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қанқа ёдгорлигини «Очиқ осмон остидаги музей»га тайёрлаш бўйича изланишларни давом эттирмоқда.

Маълумки, Қанқа Турон тарихида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳар ёдгорлиги ҳисобланади. Айрим тадқиқотчилар уни «Авесто»да тилга олинган Қанғдеш ҳамда «Шоҳнома»да зикр этилган Турон шоҳи Алп Эр Тўнга шаҳри — Қанғдез билан боғлайди.

Институтнинг «Ҳарбий тарих маркази» ва «Қадимги дунё тарихи» бўлимлари ходимларидан иборат илмий гуруҳ томонидан олиб борилаётган жорий йилги қазув ишлари давомида ёдгорлик арки қуйи қисмида жойлашган ибодатхона ўрганилди. Тадқиқотлар жараёнида металлдан ишланган жангчи совути бўлаклари топилди.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, қадимда ибодатхоналар жамият маданий ҳаётининг марказий қисми бўлиб, одамлар бу ерга ўзлари тайёрлаган энг яхши маҳсулот ёки буюмни совға сифатида тақдим этиш анъанасига амал қилган. Жангчи совути ҳам қуролчи уста томонидан шу анъана асосида ибодатхонага топширилган бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Мутаҳассислар фикрича, бу топилмалар туркий халқларнинг ҳарбий маданияти ва дунёқараши билан боғлиқ муҳим маълумотларни ўз ичига олади. 2021 йилдаги қазувлар давомида ибодатхона кириш қисмида от анжомлари аниқланган бўлса, бу йил топилган совут бўлаклари туркий жангчиларнинг ҳарбий анъаналарига катта эътибор қаратилганини яна бир бор тасдиқлайди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: