1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Ўзбекистон қонунчилигида жорий йил 1 ноябрдан бошлаб қатор янги тартиб ва амалиётлар жорий этилади.
Жумладан, 2025 йилнинг 1 ноябридан:
ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади;
ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади;
хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:
ногиронлиги бўлган шахслар;
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.
Бунда мажбурий захиралаш:
ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур;
ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.
ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади.
Бунда:
ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.
малакасини ошириш ва касбга қайта тайёрланиш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиш учун «касб ваучери» бериш тартиби жорий этилади.
«Касб ваучери» ссуда сифатида берилади.
Шахс ўқишни тугатиб сертификат олгач, ишга жойлашганидан сўнг ссудани 2 йил давомида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтаради.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркибида Корпоратив этика бўйича комиссия ташкил этилади.
Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланади, жумладан:
юридик шахсларга, хусусан, хўжалик жамиятларига корпоратив этика масалалари бўйича тавсиялар бериб бориш;
корпоратив этикани бузишга оид низоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиб бориш.
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шартнома асосида адвокат сўровига кўра суд-экспертиза ташкилотларида экспертиза ўтказиш тартиби жорий этилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) жисмоний шахсларнинг белгиланган шахсга доир маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бунда:
жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади;
ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.
давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда пенсионер, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади;
давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали ЯИДХП (Ягона портал)даги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади.
транспортга газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
«Рақамли стартаплар» дастури ва (ёки) Марказий банкнинг «тартибга солиш қумдони»да иштирок этувчи стартап лойиҳаларга Рақамли маълумотлар платформасидан 1 йилгача бепул фойдаланиш имконияти берилади.
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олган IT-парк резидентларининг хорижий мутахассислари учун масофадан банк ҳисобварақлари ҳамда виртуал банк карталари очишга рухсат берилади.
Компания томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги қўшимча инструментлар жорий этилади:
тадбиркорларни «чемпион» тадбиркор тоифасига олиб чиқишга кўмаклашиш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларига тижорат банклари орқали 10 млрд сўмгача кредитлар ажратиш учун ресурс жойлаштириш;
кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги микролойиҳаларига тижорат банклари томонидан 500 млн сўмгача ажратилган кредитларни қуйидаги шарт ва ҳолларда қайта молиялаштириш;
ажратилган кредитнинг фоиз ставкасини 6 фоизгача, бироқ Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкагача камайтириш;
камида 1 йил фаолият юритган ва 2 нафар ходими бўлган тадбиркорларининг 5 та ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратишни назарда тутган лойиҳаларига тақдим этиш.
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштириладиган бошқарув штат бирликлари сони тасдиқланди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши ва фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилишини;
маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилишини;
сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳияти ривожлантирилишини таъминлаб боради.
