Венесуэла президенти Россиядан зудлик билан ҳарбий ёрдам сўради

Венесуэла президенти Россиядан зудлик билан ҳарбий ёрдам сўради

Мадуро Россиядан жанговар ракеталар, радарлар, двигателлар, самолётларни таъмирлаш, шунингдек “Ростех” орқали молиялаштиришни сўради.

Венесуэла президенти Николас Мадуро Кариб минтақасида АҚШ ҳарбий кучлари фаоллашиб бораётгани фонида Россиядан ҳарбий ёрдам сўради. Бу ҳақда The Washington Post хабарига асосланиб бир қатор ОАВлар маълум қилди.

Хабарга кўра, Мадуро Россия президенти Владимир Путинга мазкур масалада расмий мурожаат йўллаган. Шунингдек, у Хитой ва Эронга ҳам ҳарбий ёрдам юзасидан шунга ўхшаш илтимос билан мурожаат қилган.

Маълум қилинишича, Венесуэла транспорт вазири Рамон Селестино Веласкес жорий йил октябрь ойи ўрталарида Москвада бўлиб, россиялик ҳамкасби билан учрашган ҳамда Мадуронинг мактубини Россия раҳбариятига етказган. Мактубда Венесуэланинг ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини мустахкамлаш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилган.

Жумладан, Мадуро қуйидагиларни сўраган:

– аввал Россиядан харид қилинган бир нечта Су-30МК2 самолётларини таъмирлашда ёрдам бериш;

– 8 та двигател ва 5 та радарни таъмирлаш;

– мамлакатга Россия жанговар ракеталарини етказиб бериш;

– моддий-техникавий кўмак кўрсатиш.

Шунингдек, мактубда “Ростех” орқали уч йиллик молиялаштириш механизмини жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилгани айтилади. Молиялаштириш миқдори ошкор қилинмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: