Зохран Мамданий: Нью-Йорк муҳожирлар томонидан қурилган ва улар томонидан бошқарилади
Нью-Йорк мэри сайловида дастлабки натижаларга кўра ғалаба қозонган Зохран Мамданий Нью-Йоркни муҳожирлар қурганини ва энди бу шаҳар улар томонидан бошқарилишини маълум қилди.
50,4 фоиз овоз билан ғалаба қозонган ва Нью-Йорк шаҳри тарихидаги илк мусулмон мэр бўлган Мамданий ўз тарафдорлари олдида ғалаба нутқини сўзлади.
Унинг таъкидлашича, бу ғалаба “сиёсий сулоланинг ағдарилиши”ни англатади.
“Нью-Йорк, бу кеча сиз ўзгаришлар учун мандат, мутлақо янги сиёсий йўналиш учун мандат бердингиз”, — деди Мамданий.
Сиёсатчи Нью-Йорк энди сайловларда мусулмонларга қарши нафрат сўзлари орқали ғалаба қозониладиган шаҳар бўлиб қолмаслигини таъкидлади ҳамда чуқур ислоҳотлар даврини бошлашга ваъда берди.
“Агар зулмкорни қўрқитишнинг йўли бўлса, бу уни ҳокимият тепасига чиқарган шарт-шароитларни йўқ қилишдир. Бу фақат Трампни тўхтатиш эмас, балки унинг ўрнини босадиган бошқа кимсанинг келишига йўл қўймасликдир. Шундай экан, Дональд Трамп, сиз кузатиб турганингизни биламан ва сизга айтаман: овозни баланд қилинг”, — деди Мамданий АҚШ президентига мурожаат қилиб.
Мамданий “Трамп каби миллиардерлар” солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва имтиёзлардан фойдаланиш имконини берувчи “коррупция маданияти”га барҳам беришни ваъда қилди.
“Нью-Йорк шаҳри муҳожирлар томонидан қурилган, ва шу кечадан бошлаб у муҳожирлар бошқарадиган шаҳар бўлиб қолади. Шунинг учун, диққат билан эшитинг, президент Трамп: бизга етиб келиш учун сиз барчамиздан ўтишингизга тўғри келади”, — деди у.
У, шунингдек, улар ҳозиргача босиб ўтган йўлга ўхшаш, дадил янги йўл очиш зарурлигини таъкидлади.
“Мен мусулмонман. Мен демократик сотсиалистман. Бу учун узр сўрашни қатъиян рад этаман”, — деди Мамданий.
34 ёшли Зохран Мамданий Нью-Йорк шаҳрининг илк мусулмон мэри сифатида тарихга кирди. Associated Press (AP) эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, у очиқ сайлов участкаларида 50,4 фоиз овоз билан ўзининг энг яқин рақиби — мустақил номзод Эндрю Куомони тахминан 9 фоиз пунктга ортда қолдирган.
