Хитойлик олимлардан қаришни тўхтатиш формуласи: энди 150 ёшгача яшаш мумкин

Хитойлик олимлардан қаришни тўхтатиш формуласи: энди 150 ёшгача яшаш мумкин

Хитойнинг Шенчжэн шаҳрида жойлашган Lonvi Biosciences лабораторияси дунё миқёсида узоқ умр кўриш соҳасидаги янги илмий синовларни олиб бораётгани ҳақида The New York Times хабар берди. Ушбу лаборатория қариш жараёнини секинлаштириш ва инсон умрини узайтиришга ихтисослашган стартап сифатида танила бошлади.

Лаборатория мутахассислари узум данагидан олинадиган процианидин C1 (PCC1) номли модда асосида кексайишга қарши таблеткалар яратган. Бу модда организмдаги қаришга сабаб бўлувчи ҳужайраларнинг фаолиятини сустлаштириб, сичқонлар устида ўтказилган тажрибаларда умр давомийлигини 9,4 фоизга оширган ва даволаниш бошланганидан сўнг умумий умрни 64,2 фоизга узайтирган.

Lonvi Biosciences компанияси бош техник директори Лю Цинхуанинг таъкидлашича, “келажакда инсоннинг 150 ёшгача яшаши илмий жиҳатдан амалга ошиши мумкин, бу энди афсона эмас, реал истиқбол”. Унинг фикрича, инсон танасидаги ҳужайраларни янгилаш жараёнини бошқариш орқали узоқ умр кўриш табиий ҳолга айланади.

Узум данаги Ғарб мамлакатларида ҳам анчадан бери соғлом маҳсулот сифатида қўлланилади. Унинг мойи косметологияда терини ёшартириш ва ҳужайраларни тиклашда ишлатилади. Бироқ Хитойда бундай йўналишдаги бизнес аввал фирибгарлик сифатида қабул қилинган бўлса, ҳозирда вазият кескин ўзгарди — давлат қўллови ва хусусий сармоялар бу соҳани илмий асосланган, ҳатто фойдали иқтисодий йўналишга айлантирди.

NYT манбасига кўра, Хитой ҳукумати сўнгги йилларда узоқ умр технологияларига катта эътибор қарата бошлаган. Илмий институтлар ва хусусий компаниялар бу соҳада биотехнология, ген терапия ва ҳужайра қайта тикланиши бўйича йирик тадқиқотларга сармоя киритмоқда.

2024 йилда мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 79 ёшга етди, бу эса жаҳон кўрсаткичидан қарийб беш йилга узун. Бу натижа Хитойни узоқ умр стратегиясини амалга ошираётган етакчи давлатлар қаторига қўшди.

Энг қизиқарлиси, жорий йил 3 сентябр куни Пекиндаги ҳарбий парад олдидан эфирда тасодифан Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путиннинг қисқа суҳбати намойиш этилган. Улар инсоннинг 150 йил яшаш эҳтимоли, шунингдек, келажакда тананинг айрим аъзоларини алмаштириш орқали узоқ умрга эришиш ҳақида фикр алмашган.

Бу воқеа Хитойда узоқ умр концепцияси фақат илмий ёки фармакологик йўналиш эмас, балки сиёсий ва стратегик аҳамиятга эга йўналишга айланаётганини кўрсатди.

Шундай қилиб, Шенчжэндаги Lonvi Biosciences фаолияти нафақат янги илмий қадам, балки бутун инсоният учун янги умиддир. Илмий жамоа эълон қилган натижалар тасдиқланса, кексайишга қарши таблеткалар бир неча йил ичида дунё дорихоналарига чиқиши эҳтимолдан холи эмас.

Дўстларингизга ҳам юборинг: