Буюрган эмас, буюруқни бажарган айбдор!..
Прокуратура ҳокимият қолиб, ободонлаштириш ходимларига жиноят иши очди
Бош прокуратура маълумотига кўра, Тошкентнинг Яккасарой туманидаги дарахткушлик билан боғлиқ ҳолат юзасидан 8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекснинг 198-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, ҳудудда жами 174 та дарахт кесилган бўлиб, табиатга 1 млрд 463 млн 952 минг сўм зарар етказилган.
Қизиғи, дарахт кесиш топшириғини берган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Рахмонов яна сувдан қуруқ чиқмоқда. Унинг ўрнига топшириқни бажарган, «танка»си йўқ ободонлаштириш ходимлари жавоб берадиган кўринади. Мана бу ҳақиқий номардлик!!!
Айни вақтга тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кўрамиз: халқимизга қонунни барчага тенг қўллашга ваъда берган прокуратуранинг куч ва журъати ҳоким ўринбосарига ҳам етадими ё бу куч фақат оддий одамларга ишлатиладими?
Расул Қўширбоев
