Ҳали тахи бузилмаган, яп-янги шармандалик!..
Қатарда бўлди. Футболда. Марокаш Янги каледонияни шарманда қилди…
Учрашув ҳисоби учинчи дақиқадаёқ марокашлик ҳимоячи Билал Сукратнинг голидан сўнг очилди. Танаффусга келиб ҳисоб 7:0 бўлди, Янги каледонияликлар эса икки ўйинчи майдондан ҳайдалгани сабабли тўққиз нафар ўйинчи билан қолишди. Иккинчи бўлимда марокашликлар темпни пасайтиришмади ва ҳисобни 16:0 гача етказишди — бу U17 жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг йирик ғалаба бўлди.
Марокаш терма жамоасининг олти нафар футболчиси иккитадан гол урди, яна уч нафари биттадан гол киритди, шунингдек, бир автогол ҳам қайд этилди. Жами марокашликлар рақиб дарвозасига рекорд даражада — 80 та зарба берди, шулардан 29 таси дарвоза створига тўғри келди. Кутилаётган голлар кўрсаткичи (xG) 9,90 ни ташкил қилди — бу ФИФА мусобақалари учун рекорд саналади.
Қизиғи шундаки, Марокаш терма жамоаси турнирнинг дастлабки икки учрашувини Япония (0:2) ва Португалияга (0:6) қарши бой берган эди. Плей-офф босқичига чиқишнинг ягона имкони — гуруҳда учинчи ўринни олган жамоалар орасида энг яхши саккизталикка кириш эди. Бунинг учун марокашликларга Янгги Каледонияни илoжи борича катта ҳисоб билан енгиш керак эди, чунки улардаги манфий тўп фарқи саккизта эди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Янги Каледония терма жамоаси илк икки учрашувда марокашликлардан яхшироқ ўйнаганди. Тинч океанининг жануби-шарқий қисмида жойлашган ороллар жамоаси Португалиядан (1:6) мағлуб бўлганидан сўнг, Япония билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, бир очко қўлга киритганди.
