Трамп Швейцарияга нисбатан божларни камайтириш учун совғалар олган — Ахios
«АҚШ президенти билан савдо божларини пасайтириш масаласидаги муваффақиятсиз музокаралардан сўнг, Швейцария ҳукумати Оқ уйга швейцариялик саноат магнатларидан иборат делегация орқали Доналд Трампга қимматбаҳо совғалар юборишга қарор қилган. Бундан кўп ўтмай, АҚШ ушбу масалада Швейцария томони билан учрашишга рози бўлган», дея хабар бермоқда нашр вазиятдан хабардор манбаларига таяниб.
Делегация таркибига қимматбаҳо металлар савдоси билан шуғулланувчи Швейцария трейдери MKS PAMP SA раҳбари Марван Шакарчи, люкс тоифадаги соатлар ишлаб чиқарувчи Rolex компанияси раҳбари Жан-Фредерик Дюфур ҳамда қимматбаҳо буюмлар ишлаб чиқарувчи Richemont компанияси кузатув кенгаши раисининг раиси Йоханн Руперт кирган.
«МКS PAMP SA бошлиғи томонидан Трампга қиймати 130 минг доллардан бироз ошиқроқ бўлган олтин қуймаси берилган, Дюфур эса АҚШ президентига стол устига қўйиладиган олтин соат совға қилган. Айнан шу олтин соат Трамп учун афзал кўриладиган совға сифатида кўрилган», — дейди Ахios манбаси.
Қўшма Штатлар Швейцариядан импорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан божларни 39 фоиз даражасида белгилаган эди. Швейцариялик саноатчиларнинг Оқ уйга ташрифидан кейин АҚШ ҳукумати Швейцария товарларига жорий этилган божлар миқдори 15 фоизга туширилганини эълон қилди.
Доналд Трамп аввалроқ ҳам бошқа давлатлар вакилларидан қимматбаҳо совғалар қабул қилган. Масалан, май ойида Қатар қироллик оиласи Трампга президент борти сифатида фойдаланиш мўлжалланган Boeing 747-8 самолётини совға қилган эди. Август ойида Apple бош директори Тим Кук сиёсатчига 24 каратли олтин асосга эга гравировка қилинган шиша диск совға қилган. Шунингдек, Оқ уй раҳбари октябр ойида Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мёндан олтин тожни совға сифатида олган.
