Стивен Кингнинг «У»(«Оно») романи Россияда сотувдан олинмоқда
Стивен Кингнинг «У»(«Оно») романи рус маркетплейсларида ва китоб дўконларида сотувдан олина бошлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Манбага кўра, Кинг асарини айрим онлайн маркетплейслар ва китоб маҳсулотлари сотуви билан шуғулланадиган интернет-дўконлар орқали сотиб олиб бўлмайди.
Wildberries ва Russ компаниялари бирлашган матбуот хизмати роман РФ ҳудудида тақиқланган бўлиши ёки платформа қоидаларини бузиши мумкинлигини билдирган: «Wildberries қонунчиликка қатъий амал қилади ва РФда тақиқланган маҳсулотлар ҳамда платформа қоидаларига зид бўлган товарларни сотишга йўл қўймайди».
Telegram’даги «Город54» канали ҳам Кинг романи Новосибирскдаги китоб дўконларидан ҳам олиб ташланаётганини маълум қилди. Дўкон вакилининг айтишича, «Кингнинг «У»(«Оно») романи бутунлай жавонлардан олинди ва, эҳтимол, эндиликда қайтарилмайди».
АСТ Роскомнадзорнинг Россия китоб иттифоқи ва Рақамли технологиялар вазирлигига сўровидан сўнг Стивен Кингнинг «У»(«Оно») романини сотувдан олиб ташлади, деди нашриётнинг бадиий адабиёт бўлими директори Сергей Рубис «РБК Радио»га. Унинг сўзларига кўра, китобдаги ёрлиқларни текшириш учун савдо вақтинча тўхтатилган.
Бундан олдин «У»(«Оно») романи ЛГБТ (Россияда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган) тарғиботи туфайли олиб қўйилиши керак бўлган китоблар рўйхатидан ўрин олган эди. Шу билан бирга, 2024 йил февраль ойида Интернет-савдо компаниялари ассоциацияси (АКИТ) президенти Артем Цоколов бу рўйхат «долзарб эмас» ва «ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтган эди.
Стивен Кингнинг 1986 йилда биринчи марта нашр этилган «У»(«Оно») романи Дерри шаҳридаги дўстлар гуруҳи ҳақида бўлиб, улар масхарабоз Пеннивайз қиёфасидаги йиртқич ҳайвон ва бошқа даҳшатли тушлар билан тўқнаш келишади.
