Гвинея-Бисау президенти давлат тўнтаришига уриниш бўлганини маълум қилди
Президент Умару Сисоку Эмбалонинг Jeune Afrique нашрига берган баёнотига кўра, уни тушга яқин президент саройида ҳибсга олишган.
Давлат раҳбарининг айтишича, у билан бирга юқори мартабали ҳарбийлар ҳам қўлга олинган. Президентнинг сўзларига кўра, тўнтаришни қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи уюштирган.
Jeune Afrique хабарига кўра, президент саройи ва Марказий сайлов комиссияси биноси яқинида ўқ овозлари эшитилган. Ҳарбий кийимдаги одамлар президент резиденциясига олиб борувчи асосий йўл бўйлаб позицияларни эгаллаган.
Гвинея-Бисауда 23 ноябр куни президент сайловлари бўлиб ўтди. Амалдаги давлат раҳбари ҳам, унинг асосий рақиби ҳам ўз ғалабасини эълон қилган. Расмий натижалар 27 ноябр куни эълон қилинади.
Президент Эмбалонинг ўзи ҳам собиқ ҳарбий, 2020 йил февралидан бери давлат раҳбари лавозимни эгаллаб келмоқда ва аввал ҳам бир неча бор тўнтаришга уринишларни бошидан кечирган.
