Чиқиндиларни ёқиб, атмосферага зарар етказаётган корхоналар фаолияти тўхтатилди
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, зарарли моддалар чиқарилишига йўл қўймаслик ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Экология, прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан идоралараро ҳамкорликда тунги назорат ва рейдлар мунтазам ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бирида Тошкент вилояти Ниёзбоши қишлоғида айрим хусусий корхоналарда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар, жумладан, полиэтилен моддалар ёқилгани аниқланди. Бу атроф-муҳитга зарарли моддалар тарқалиши ва маҳаллий аҳоли саломатлигига хавф туғилишига сабаб бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан корхоналар фаолияти дарҳол тўхтатилди. Ҳозирда табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда ва текшириш натижалари асосида қонунчиликка мувофиқ чоралар қўлланади.
Назорат ишлари изчил давом эттирилади.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда фаоллик кўрсатган фуқароларга миннатдорчилик билдирамиз ва барчани жамоатчилик назоратини кучайтиришда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.
Атмосфера ҳавосининг тозалиги — ўзаро ҳамкорлик ва бирдамлик орқали таъминланади.
