Хоразмда Telegram орқали фуқороларга 631 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказган қўлга олинди
Хоразмда Telegram орқали зарарли АPK файллар тарқатиб, фуқароларнинг пулини ўзлаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Гурлан туманида яшовчи фуқаро Telegram мессенжерида АҚШ ва Ўзбекистон рақамларига очилган турли аккаунтлардан фойдаланиб, Android тизими учун мўлжалланган АPK кенгайтмали зарарли дастурларни тарқатиб келган.
Ушбу вирусли иловалар орқали фуқароларнинг мобил телефонларидаги банк пластик карталарига оид махфий маълумотлар, жумладан, SMS кодлар масофадан туриб қўлга киритилган. Кейинчалик олинган маълумотлар букмекерлик иловалари орқали ишлатилиб, банк карталардаги пул маблағлар ечиб олинган.
Аниқланишича, жиноий йўл билан олинган маблағлар ставкалар тикиш орқали ютуқ пули сифатида ўзлаштирилиб, кейинчалик криптовалютага айлантирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу жиноий ҳаракатлар натижасида 157 нафар фуқарога жами 631 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Шунингдек, гумонланувчи ўз номига ва фойдаланиб келаётган мобил SIM карталарига жами 39 та банк пластик картасини улаб, улар орқали криптобот, Bitget ва Binance иловалари ёрдамида қарийб 7 миллиард сўмлик криптовалюта савдосини амалга оширгани ҳам маълум бўлди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жабрланган фуқаролар рўйхати шакллантириш ва жиноятга алоқадор бошқа шахсларни ҳам топиш мақсадида тезкор қидирув ҳамда техник тадбирлар давом эттирилмоқда.
