Самарқанд тумани тугатилади

Самарқанд тумани тугатилади

Депутатлар бу бўйича қарор лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Шаҳар ҳудуди қарийб 29 минг гектаргача кенгайиб, аҳоли сони 882 минг нафарга етади.

Қонунчилик палатаси мажлисида “Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Самарқандни “миллионли шаҳар»га айлантириш ҳамда замонавий турар-жой ва нотурар бинолар қуриш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда. Бу орқали аҳолини уй-жой билан тўла таъминлаш, ҳудудларни инфратузилма билан қамраб олиш ва муносиб яшаш шароитлари яратиш кўзда тутилган.

Шундан келиб чиқиб, Оқдарё туманидан 1 410,6 гектар, Пастдарғом туманидан 1 242,3 гектар, Самарқанд туманидан 13 308 гектар, Тойлоқ туманидан 1 265,6 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда.

Шаҳардан 518 гектар ва Самарқанд туманидан 1 551 гектар ер майдони Пастдарғом тумани, Самарқанд туманининг 28 295 гектар ер майдони эса Тойлоқ тумани таркибига ўтказилмоқда. Бунда шаҳар ва туманлар таркибига ўтказилаётган ерларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган.

Ушбу чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳрининг ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектарга кенгаяди. Шаҳар аҳолиси 604 минг нафардан 882 минг нафаргача ошади.

Шунингдек, янги уй-жой массивларини барпо этиш бўйича “Ширин” шаҳарчаси, “Темир йўл орти” ҳудуди ва “Қорасув-2” массиви ҳудудларида 309 минг аҳоли учун 710 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

Самарқанд шаҳрида янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиб, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш обектлари ва логистика марказлари қурилади.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли МФЙ, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида маъқуллангани айтилди. Мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

2023-йилнинг июнь ойида Шавкат Мирзиёев Ширин массивининг лойиҳа режаси билан танишди. Давлат раҳбари лойиҳани етакчи шаҳарсозлик тажрибаси асосида такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўша йилнинг июлида шаҳарчани барпо этиш бўйича президент қарори қабул қилинди. Бунинг учун давлат муассасаси шаклида дирексия ташкил этилиб, четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуналар учун божхона божи тўлаш бекор қилиниши белгиланди.

2025-йилнинг ноябрь ойи охирида президент иштирокида бўлиб ўтган вилоят кенгаши сессиясида Оқдарё, Паяриқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилишни айтганди. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етиши қайд этилган эди.

Аввалроқ 2026-йилдан Самарқандда сув солиғи тушумлари маҳаллий сув корхоналарига йўналтирилиши айтилганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: