Сув танқислиги энди дунё бўйиича кучаймоқда

Сув танқислиги энди дунё бўйиича кучаймоқда

Дунё бўйлаб сув ресурслари кескин камайиб бормоқда. Бу ҳақда 20 январь куни БМТ ҳузуридаги Сув, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш университети институти (UNU-INWEH) янги ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, сўнгги 50 йилда 410 миллион гектар ботқоқлик йўқолган. Йирик кўллар қисқармоқда, айрим дарёлар эса йилнинг маълум даврларида денгизга етиб бормаяпти. Энг хавотирлиси — ерости сув захираларининг қарийб 70 фоизи барқарор пасайиш ҳолатида.

Иқлим ўзгариши ҳам вазиятни оғирлаштиряпти: 1970 йилдан буён музликларнинг 30 фоиздан ортиғи йўқолган. Бу юз миллионлаб одамлар фойдаланадиган сув манбалари қисқаришига олиб келмоқда. Сувдан ҳаддан ташқари фойдаланиш, ифлосланиш ва экологик мувозанатнинг бузилиши кўплаб сув тизимларини тиклаб бўлмас даражага етказган.

Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб:

— тахминан 2 миллиард киши хавфсиз бошқариладиган ичимлик сувисиз яшашда давом этади;

— 700 миллион киши сув танқислиги сабаб кўчиб кетишга мажбур бўлиши мумкин;

— чучук сувга глобал талаб мавжуд имкониятдан 40 фоизга ошади.

Шунингдек, ҳисоботда 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 7 миллиард куб метрга етиши ва мамлакат сув тақчил бўлган 33 давлат қаторига кириши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Муаллифлар “сув инқирози” ўрнига вазиятни аниқроқ ифодаловчи “сув банкротлиги” атамасини қўллашни таклиф қилган. Яъни муаммо вақтинчалик эмас — айрим ҳудудларда сув тизимлари ўзини тиклай олмайдиган чегарага келиб қоляпти.

Дўстларингизга ҳам юборинг: