Жиззахда «ГАИ» ва жарима майдончаси ишчисининг «бизнес режа»си ўхшамай қолди

Жиззахда «ГАИ» ва жарима майдончаси ишчисининг «бизнес режа»си ўхшамай қолди

Жиззах вилоятида ЙПХ инспектори ҳайдовчиларни мастликда айблаб, улардан таъмагирлик йўли билан пул ундириб келгани аниқланди. Ходим ўз жиноий режасини амалга ошириш учун алкотестер кўрсаткичларини сохталаштирган.

Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, инспектор Ғаллаорол туманидаги ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган вақтида ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларни мастликда айблаган. Унинг асосий қуроли — мосламадаги сохта натижалар ва ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий билимсизлиги бўлган.

Воқеа тафсилотларига кўра, инспектор Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчисини тўхтатиб, текширувдан ўтказган. Ходим ҳайдовчиларни алдаб, алкотестер гўёки охирги 72 соат (3 сутка) ичида истеъмол қилинган спиртли ичимликни аниқлай олишини даъво қилган. Ҳайдовчи ичмаганини таъкидласа-да, ходим унга алкотестернинг «мусбат» натижасини кўрсатган.

Ходим баённома расмийлаштирмаслик эвазига 1 миллион сўм талаб қилинган. Ночор қолган ҳайдовчи 500 минг сўмни инспектор кўрсатган банк картасига ўтказиб берган.

Тезкор суриштирувлар давомида қизиқ бир ҳолат ойдинлашди: пуллар ўтказилган банк картаси ЙПХ маскани яқинидаги жарима майдончаси ишчисига тегишли бўлиб чиқди. 48 ёшли ушбу фуқаро инспектор билан тил бириктириб, жиноий даромадларни йиғишда ёрдам берган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви якунланган. Тўпланган ҳужжатлар ЙПХ ходимининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш ва жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун прокуратура органларига тақдим этилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: