Жанубий Корея сунъий интеллектни тартибга солишни бошлади

Жанубий Корея сунъий интеллектни тартибга солишни бошлади

Жанубий Корея сунъий интеллектни тартибга солувчи кенг қамровли қонун амалда ишлай бошлаган илк давлатлардан бирига айланди. Янги қоидаларга кўра, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган материаллар — расм, видео, аудио ва дипфейклар — албатта махсус белги (водяной белги/“watermark”) билан кўрсатилиши керак. Яъни фойдаланувчи контент “СИ маҳсулоти” эканини очиқ-ойдин билиб туриши шарт.

Мазкур талаблар 2026 йил январидан кучга кирган “Сунъий интеллект тўғрисидаги асосий қонун” (AI Basic Act) доирасида белгиланмоқда. Қонуннинг асосий ғояси оддий: СИ хизматлари шаффоф бўлсин, жамият эса кўзига кўринмайдиган манипуляцияга тушиб қолмасин.

Қандай контентлар белгиланади?

Қоидалар генератив СИ орқали яратилган ёки таҳрирланган материалларга тааллуқли. Айниқса, дипфейклар масаласида назорат кучайтирилмоқда: кимдир овозни, юзни ёки видеони “ҳақиқийдек” қилиб ясаса, энди бу нарса яширин қолмаслиги керак. Белгилаш механизми сифатида “watermark” талаби тилга олинади.

“Хавфи юқори” соҳаларда талаблар қаттиқроқ

Янги қонун, айниқса, хавф юқори деб баҳоланадиган йўналишларга алоҳида эътибор қаратяпти. Жумладан:

соғлиқни сақлаш,

транспорт,

молия,

хавфсизлик

каби соҳаларда сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон назорати ва масъулият механизми биринчи ўринга чиқади.

Жавобгарлик ва “ўтиш даври”

Қоидаларни бузганлар учун маъмурий чоралар (жарималар) кўзда тутилгани қайд этилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат компаниялар янги талабларга мослашиб олиши учун ўтиш даври ҳам берилишини айтган — дастлаб санкциялар билан “бирданига босиб кетмаслик” позицияси бор.

Нега бу қадам муҳим?

Қисқа қилиб айтганда: интернетда “ким ҳақ, ким ёлғон” деган савол кундан-кунга қийинлашяпти. СИ орқали ясалган видео-аудиолар одамларни ишонтиришда жуда кучли қуролга айланиб улгурди. Жанубий Корея эса шу хавфни эртароқ тан олиб, қоидаларни қонуний йўлга қўя бошлади — мақсад дезинформация ва суиистеъмолни камайтириш, шу орқали жамият ишончини сақлаб қолиш.

Хулоса шу: энди контентни “кўрдим — ишондим” эмас, “кўрдим — манбасини текширдим” режимида қабул қилиш даври янада тезлашяпти. SИ билан яшаймиз, лекин унинг “ниқобини” ҳам очиб қўямиз — тренд шу.

Дўстларингизга ҳам юборинг: