Руминия президенти Молдова билан бирлашиш бўйича қандай фикр билдирди?

Руминия президенти Молдова билан бирлашиш бўйича қандай фикр билдирди?

Руминия президенти Никусор Дан Молдова билан бирлашиш мавзусидаги референдум ғоясига совуққон муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай масалада биринчи ва ҳал қилувчи сўз — Молдова фуқаролариники. Ҳозирги кайфият эса, президент фикрича, бирлашувни оммавий қўллаб-қувватлаш даражасига чиқмаган.

Дан бу позициясини Фокшани шаҳридаги чиқишида ҳам очиқ айтди: Молдова — суверен давлат, Румыния эса унинг фуқаролари хоҳиш-иродасига ҳурмат билан қарайди. Агар Кишинёвда жамоатчилик фикри бир кун келиб ўзгарса, Бухарест ҳам шу “янги реаллик”ка мос ҳаракат қилади. Қисқаси, “биз хоҳлаймиз” деган эмоция билан эмас, “улар танлайди” деган қоида билан.

Шу билан бирга, Бухарест Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиш истагини қўллаб-қувватлашини алоҳида урғуламоқда. Яъни “бирлашув бўлмайди” дегани — “яқинлашув тўхтайди” дегани эмас. Аксинча, Румыния учун ҳозирги устувор йўналиш: Молдованинг ЕИга интеграцияси ва ислоҳотлар йўлини рағбатлантириш.

Бу фон ортида Молдова президенти Мая Сандунинг гаплари баҳсни яна қизитиб юборганди. У Британиядаги подкаст суҳбатида, агар бирлашув бўйича референдум ўтказилса, шахсан Руиния билан бирлашишни ёқлаб овоз беришини айтган. Санду бундай фикрни Россиядан келаётган босим ва хавфлар билан изоҳлаган, “майда давлат учун суверенлик ва демократияни асраш тобора қийинлашяпти” деган мазмунда сигнал берган.

Мазкур ғояни Молдова бош вазири Александру Мунтяну ҳам маъқуллагани айтилмоқда.

Натижа шундай: Руминия томони ҳозир “референдум қилайлик” деган тезкор сценарийни қувватламаяпти, Молдова томонида эса айрим раҳбарлар шахсий позициясини очиқ айтяпти — лекин қарор барибир жамиятники. Яқин ойларда асосий интрига ҳам шу бўлади: Кишинёв қайси йўлни тезроқ босади — рамзий бирлашув муҳокамасиними ёки амалий ЕИ интеграциясиними. Ҳа, геосиёсатда “ҳиссиёт” тез юради, лекин “овоз”ни барибир одамлар беради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: