Таиландга кетаётган бу қизлар бошқа нима иш қилиши мумкин? Ўша иш-да!.. (Видеофакт)
Тошкент шаҳрида уюшган жиноятчиликка қарши тезкор профилактик тадбирлар давомида ёш қизларни алдов йўли билан хорижга олиб чиқиб, уларни фоҳишаликка жалб этишга уринган уюшган гуруҳ фош этилди. Тезкор тадбирлар Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ўтказилган.
Аниқланишича, икки нафар аёл ўзаро тил бириктириб, Telegram орқали ёш қизларнинг ишончига кирган. Улар Таиландда “клубда раққоса бўлиб ишлаш”ни таклиф қилган бўлиб, кейинчалик жабрланувчилардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш режалаштирилган. Гумонланувчилар қизни Тошкент халқаро аэропортидан Бангкок шаҳрига юбораётган вақтида қўлга олинган.
Ички ишлар органларига М. исмли фуқаро мурожаат қилиб, уни И. ва З. исмли шахслар Таиландга раққосаликка, кейинчалик фоҳишалик қилиш учун таклиф қилаётганини маълум қилган. Мурожаат асосида гумонланувчилар тезкор кузатувга олиниб, учиб кетиш жараёнида тўхтатиб қолинган. Дастлабки сўроқ вақтида жабрланувчини Таиландда Б. исмли шахсга топшириш режалаштирилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш тергов органларига топширилди. Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ирода ва Жасмина исмли шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларни хорижда иш таклифларига эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда.
Аввалроқ Жиззах вилоятида ўзидан бир ёш катта қизни хорижий давлатга фоҳишалик қилишга юбормоқчи бўлган 18 ёшли қиз қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг одам савдосини назарда тутувчи моддаси билан иш очиш чоралари кўрилмоқда.
