Давактив директори Акмалхон Ортиқов коррупсиявий схемалар сабаб ишдан олинди
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Давлат раҳбари ҳозирда Ўзбекнефтегаз АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди.
Мисол учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўмлик ер участкасини ёпиқ ауксионга чиқариб, 120 млрд сўмга сотиб юборган. Шу боис, кеча агентлик директори Акмал Ортиқов ишдан олинди.
“Ҳақли савол туғилади. Ушбу идораларда йиллар давомида коррупсия авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?”, — деди президент.
ДХХ раисига Ўзбекнефтегаз АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги учун масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш топширилди.
Комплаенс хизмати, Давлат хавфсизлик хизматига Давлат активлари агентлигининг мансабдорларига қўзғатилган жиноят иши тергов гуруҳига Хавфсизлик хизматининг иқтисодий масалаларга масъул тузилмаларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш топширилди.
“Сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан текшириб, барча коррупсиявий схемаларни фош қилсин ва жазо муқаррарлигини таъминласин”, — деди давлат раҳбари.
Акмал Ортиқов ким?
Акмал Ортиқов 1980-йилда туғилган. У 2001−2013-йиллар давомида Молия вазирлигида, 2013−2017-йилларда эса Наманган ва Фарғона вилоятлари молия бошқармаси бошлиғи, Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.
У 2017−2020-йиллари Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари бўлган. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси Котибият мудири, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ортиқов 2020-йилдан буён Давлат активларини бошқариш агентлиги директори сифатида фаолият олиб борган.
