Эркин Комилов оғир йўқотишга учради

Эркин Комилов оғир йўқотишга учради

Ўзбек Миллий академик драма театрининг устоз санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг умр йўлдоши — режиссёр Маҳбуба Комилова 62 ёшида вафот этди.

Маҳбуба Комилова 1964 йил 9 февралда Қашқадарё вилоятида туғилган. 1987 йил Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У фаолияти давомида Ўзбек Миллий академик драма театрида режиссёр ёрдамчиси сифатида ишлаган.

Эркин Комилов ҳаёт йўлида оғир синовларни бошдан кечирган. Актёр аввалги турмуш ўртоқларининг вафоти сабаб беш нафар фарзанди билан ёлғиз қолган. У интервьюларидан бирида бу ҳақда шундай деган эди:

“Фотима ва Зуҳра қизларимнинг онаси юрак хуружи билан 24 ёшида вафот этган. Кейин устозим Шукур Бурҳоновнинг ёрдами билан Мўътабар исмли аёлга уйландим. Аллоҳ фарзандлар берди, аммо у ҳам 44 ёшида оламдан ўтди. Беш қизимни ўзим узатдим, ўғилларимни тўй қилдим. Кейин яна уйландим. Ҳозирги аёлим Маҳбубанинг баҳоси йўқ: врачим ҳам, ошпазим ҳам ўзи эди. Шукрки, 61 ёшимда яна оталик бахтига эришдим.”

2025 йил ёзида Маҳбуба Комилова келажак авлод учун турмуш ўртоғининг ижод йўлига бағишланган “Саҳнада юрагимга қулоқ тутаман” номли китобни тақдим этган эди.

Марҳуманинг яқинларига, устоз санъаткор Эркин Комиловга ҳамдардлик билдирамиз.

Дўстларингизга ҳам юборинг: