Форс кўрфазидаги фуқароларимиз эвакуация қилинади

Форс кўрфазидаги фуқароларимиз эвакуация қилинади

Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб турган юртдошлариз Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ишни самарали ташкил этиш юзасидан президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди.

Бугун, 2 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Видеоселекторда фуқароларни хавфсиз ва тизимли равишда ватанга олиб келиш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган. Мамлакатдаги барча авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган юртдошларни қайтариш чораларини кўриш топширилган.

Хусусан, Жидда—Тошкент йўналишида репатриация рейсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилди.

Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Форс кўрфази давлатлари билан амалдаги келишувларнинг ижро ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Қайд этилишича, вазиятдан келиб чиқиб, барча зарур чоралар тезкорлик билан амалга оширилади.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги барча авиакомпанияларга кейинги огоҳлантиришгача зиёратчиларни Умра дастури бўйича Саудия Арабистонига олиб бориш вақтинча тўхтатилган ва 2026 йил 2 мартдан бошлаб юртдошларимизни ватанга қайтариш учун “Uzbekistan Airways” Жидда – Тошкент йўналишида махсус репатриация рейсларини амалга ошириш белгиланган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: