Ўзбекистоннинг Исроилдаги Элчихонаси мурожаат билан чиқди
Исроил ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқаролар шахсий хавфсизлик юзасидан ракета тушган жойларни ёки сирена вақтидаги ҳолатларни видео/фотога олмаслик ва қатор қоидаларга риоя қилиш сўралди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги Элчихонаси мамлакатда жорий этилган «Фавқулодда ҳолат» муносабати билан ўзбекистонликларга шошилинч мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Исроил ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқаролардан шахсий хавфсизлик юзасидан қуйидаги қатъий қоидаларга риоя қилиш сўралди.
Хавфсизлик чоралари ва ҳаракатланиш тартиби:
Сирена янграганда: Дарҳол яқин атрофдаги бункер ёки бошпанага киринг. Очиқ ҳудудда қолиш ва огоҳлантиришга беэътибор бўлиш ҳаёт учун хавфли.
Тасвирга олиш тақиқи: Ракета тушган жойларни ёки сирена вақтидаги ҳолатларни видео/фотога олиш қатъиян ман этилади. Бу жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шубҳали буюмлар: Номаълум жисмлар ёки ракета парчаларига яқинлашманг ва қўл тегизманг! Улар портламаган бўлиши мумкин. Дарҳол хавфсиз масофага ўтиб, хизматларга хабар беринг.
Маслаҳат ва кўмак учун алоқалар
Чет эллик ишчилар ҳар қандай савол бўйича Исроил Аҳоли ва иммиграция бошқармаси (PIBA) Колл-марказига боғланишлари мумкин: 1-700-707-889.
Маҳаллий тезкор рақамлар:
100 – Полиция
101 – Тез ёрдам (Маген Давид Адом)
102 – Ёнғин-қутқарув хизмати
104 – Фронт орти қўмондонлиги
Ватанга қайтиш йўналиши (Миср орқали)
Агар Исроилни тарк этиш истаги бўлса, «Таба/Бегин» назорат-ўтказиш пункти орқали Мисрга ўтиш имконияти мавжуд:
Ҳужжатлар: Паспорт ва зарур ҳужжатлар жойида бўлиши шарт.
Маршрут: Табадан Шарм аш-Шайхгача (270 км) бориб, у ердаги аэропортдан Ўзбекистон авиакомпаниялари (Узбекистан Airways, Centrum Air, Qanot Sharq, Air Samarkand) орқали ватанга қайтиш мумкин.
Кўмак: Миср ҳудудида муаммо туғилса, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасига боғланинг: +20233364516, +201281444867.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги Элчихонаси билан алоқа:
Муаммо туғилганда ёки консуллик ёрдами зарур бўлганда қуйидаги рақамларга мурожаат қилинг:
Асосий рақамлар: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076
Фавқулодда ва шошилинч (24/7): +972 54 485 1397
Telegram канал: «КОНСУЛЛИК ХИЗМАТИ»
Email: il.uzembassy@mfa.uz
